Бокс федерациясининг янги раҳбарияти “Uzbek Tigers” фаолиятига қандай қараяпти?
Спорт
−
23 Февраль 2019
6930Айни кунларда “Uzbek Tigers” муҳокамалар майдонидаги асосий мавзулардан бири бўлиб турибди. Бир неча кун аввал, ушбу бокс жамоаси фаолиятига нуқта қўйилгани, Ўзбекистон бокс федерацияси WSB мусобақаларида иштирок этувчи жамоани молиялаштиришни тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо бу гап-сўзлар ўз исботини топмади.
WSB турнирининг IX мавсуми жорий йилнинг октябрь ойида старт олади. Айни дамда боксчилар янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда. Ўзбекистон бокс федерацияси “Uzbek Tigers”дан нималарни кутмоқда? Унга қанчалик ишонади? Федерация раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов бу ҳақда шундай дейди:
“WSB мусобақасида иштирок этадиган “Uzbek Tigers” жамоаси маъмуриятининг янгиланиши натижаларни яхшилашга бўлган масъулиятни оширади. Федерациянинг биринчи галдаги вазифаси боксимиз муваффақиятининг давомий бўлишини таъминлашдир. WSB турниридаги муваффақиятли иштирок ҳам бизнинг асосий йўналишларимиздан бири ҳисобланади. “Uzbek Tigers” ғалаба қозонишни билади ва буни исботлай олган жамоа. Ишонамизки, яқин орада боксчиларимиз либосида WSB ғолибларининг юлдузчаси пайдо бўлади. Халқимизнинг жамоага бўлган ишончи ва меҳри бокчиларимизнинг ғалабаси учун ҳақиқий мотивация вазифасини бажаради”.
Жамоанинг бош менежери Абдуллоҳ Сагдиев эса боксчилар жанговар кайфиятда эканлигини қайд этди, шунингдек, у қўллаб-қувватлов учун мухлисларга миннатдорлик билдирди.
“Жамоа ва WSB турниридаги иштирок мен учун Ўзбекистон бокс федерациясидаги фаолиятимнинг масъулиятли вазифаларидан бири ҳисобланади. Биз боксчиларимизнинг ғалаба қозона олишларини ва бунинг учун уларда барча нарса борлигини биламиз. Федерациянинг янги раҳбарияти жамоа мураббийлар штабини кучайтириш, моддий-техник базасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани катта аҳамиятга эга. Биз масъуллар жамоамизнинг ғалабаси учун бор куч, билим ва тажрибамизни ишга соламиз. Вақтни бой бермай, бугуноқ тайёргарликка киришишимиз лозим. Мавсум октябрь ойида бошланади. Йигитлар айни пайтда жанговар кайфиятда. Мухлисларимизга раҳмат. Шак шубҳа йўқки, биз ишончни оқлаймиз”, дейди Абдуллоҳ Сагдиев.