“Uzbek Tigers”нинг WSB'даги иштироки бўйича AIBA вакили билан музокара ўтказилди
Спорт
−
28 Февраль 2019
4648Аввалроқ, WSB турнирининг IX мавсуми жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтиши, “Uzbek Tigers” мазкур мусобақага тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берган эдик.
Кеча, 27 февраль куни “Uzbek Tigers”нинг мазкур турнирдаги иштироки юзасидан Миллий ОЛимпия қўмитасида AIBA вакили Карим Бузиди билан учрашув бўлиб ўтди. Унда қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов мусобақанинг янги мавсумидаги тизим, ташкилий масалалар юзасидан Карим Бузиди билан фикр алмашган.
AIBA’дан ташриф буюрган масъул янги тизим ҳақида маълумот берган. Унга кўра, WSB’нинг ушбу мавсуми 8 та вазн тоифасида ташкил этилади. Ҳар бир вазнда икки нафар боксчи Олимпия ўйинлари лицензиясига эга бўлади.
Шунингдек, у суҳбат давомида Ўзбекистон боксчиларининг имкониятлари катта экани, ўзбек бокси мактаби ҳақида илиқ фикрларини билдирган. Ўзбекистон ҳақиқий бокс мамлакати эканини айтиб, бу мамлакатда WSB’нинг Ўзбекистон босқичини ташкил этиш имкониятини яратиб бериши ҳақида гапирди. Айни пайтда бундай мусобақа Куба ва Венесуэлада ташкил қилинади. Томонлар учрашув чоғида ушбу мусобақанинг Ўзбекистон босқичини ҳам ташкил этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Учрашувда Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти номидан федерация бош менежери Абдуллоҳ Сагдиев ҳам иштирок этган.
LiveБарчаси