Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони қидирувга берилди
Спорт
−
24 Июль 2023
16717Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Бейбут Шуменов қўлида боласи бор эркак билан муштлашиб қолган эди. Унга нисбатан жорий йилнинг 22 июль куни расман қидирув эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат Ҳуқуқий статистика портали ва махсус бухгалтерия агентлиги хабар берди.
Манбага кўра, 18 июль куни содир бўлган ҳолат дастлаб расмийлар томонидан эътиборсиз қолдирилган. Бироқ ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, кўплаб мунозараларга сабаб бўлгач, маҳаллий полиция Шуменовга нисбатан жиноят иши қўзғатган. Бунга асли Қирғизистон фуқароси бўлган жабрланувчининг ўзи боксчини жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилгани сабаб бўлган.
Шу билан бирга, Қозоғистон болалар Омбудсмани Динора Закиева Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, боксчини Жиноят кодексининг 115-моддаси (таҳдид) бўйича жавобгарликка тортишни сўраган. Вазирликнинг маълум қилишича, Шуменовга нисбатан ЖКнинг 293-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, унда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур тергов жараёнини ўз назоратига олгани айтилмоқда.
Маълумот учун, Бейбут Шуменов бокс бўйича WBА йўналишида собиқ жаҳон чемпиони ҳисобланади. У 2016 йилда икки вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган биринчи қозоғистонлик боксчи сифатида тарихга кирган. Аммо 2019 йилда WBА Шуменовни жаҳон чемпиони унвонидан расман маҳрум қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь