Богдан Гусков UFC'даги дебют жангини қачон ўтказиши маълум бўлди
Спорт
−
18 Июль 2023
2909UFC'нинг навбатдаги ўзбекистонлик жангчиси Богдан Гусков дебют жангини қачон ўтказиши мумкинлиги айтилди. Бу ҳақда унинг мураббийи Гор Азизянь Instagram саҳифасида маълум қилди.
Унга кўра, бугун, 18 июль куни ташкилотнинг “Roster Watch” саҳифасида расман UFC жангчиси деб эълон қилинган 30 ёшли ўзбекистонлик ММА'чи илк жангини жорий йилнинг 2 сентябрь куни Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган UFC Fight Night турнирида ўтказади. Ўша куни унга ким рақиблик қилиши ҳақида ҳали маълумот берилмаган.
Ўзбекистонда туғилган ва мамлакат номидан жангларда иштирок этадиган спортчи Instagram саҳифасида промоушенга аъзо бўлганидан сўнг ўз фикрларини айтиб ўтди:
“Барчага салом. Бугун мен расман UFC жангчисига айландим, энди тарих ёзамиз. Ланди-ланди, ўйин бошланди”, дейди Богдан Гусков.
Маълумот учун, Гусков оғир вазн тоифасида жанг қилади. У ММА'даги профессионал фаолияти давомида 14 та жанг ўтказиб, 12 тасида ғалаба қозонган ва икки марта имкониятни бой берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Богдан Гусков расман UFC жангчиси сифатида ташкилот ростерига киритилгани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси