Боғчаларда таътил кунлари учун тўлов ундирилмайди
Жамият
−
22 Январь 2023
8632Хабарингиз бор, республикадаги барча мактабгача таълим ташкилотларида таътил кунлари 23-январга қадар узайтирилган эди. Таътилнинг узайтирилган кунлари учун эса боғча тўлови ундирилмайди.
Бу ҳақда Мактабгача таълим агентлиги маълум қилди.
“2821-сонли Nizomга мувофиқ, мазкур кунлар учун эса боғча тўлови ундирилмайди.
Агар таътил эълон қилингунга қадар тўловлар тўланган бўлса, унда кейинги тўловларни амалга ошириш жараёнида таътил кунлари учун тўланган бадал суммаси ҳисобга олинади. Бунда боланинг келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги ойнинг тўлов суммасидан айрилиб ташланади”, дейилади агентлик хабарида.
Шунингдек, агар боланинг боғчага келмаган кунлари учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, тўланиши лозим бўлган жорий тўлов миқдори бола келмаган кунлари ҳисобидан камайтирилади.
Бироқ, мазкур имтиёз фақатгина давлат МТТларига тегишли бўлиб, Давлат хусусий шерикчилиги асосидаги ҳамда Оилавий нодавлат МТТга қатнайдиган болаларга тўланадиган таъминот тўлови учун таътил кунлари ҳисобидан субсидия ажратилмайди.