Боғчадан ОТМгача. Ўзбекистон таълим тизимида нималар ўзгаряпти?
Жамият
−
15 Сентябрь 7140 7 дақиқа
“Халқимизнинг келажаги мактабдан бошланади. Чунки фарзандларимизга билим ва тарбия беришнинг энг узоқ давом этадиган, керак бўлса, ҳал қилувчи босқичи бу – мактаб таълимидир”.
Бу сўзларни Президент Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқотда айтди. Барча ҳудудлардан 40 мингдан зиёд педагоглар уланган ушбу тадбир фақат байрам табриги ва мукофотланганларни тақдирлаш билан ўтмади. Мулоқот давомида таълим тизимидаги муҳим янгиликлар эълон қилинди.
Ҳар бир инсон ким бўлиб ишлашидан қатъий назар, боғча, мактаб, техникум ёки олийгоҳ билан қандайдир жиҳатдан боғланган. Кимнингдир ўзи, фарзанди, ака-укаси ёки опа-синглиси ушбу даргоҳда таълим олади ёхуд таълим беради. Шундай экан, бу янгиликлар барчамиз учун аҳамиятли. Келинг, шуларни бир бошдан кўриб чиқамиз.
Боғча опалар олийгоҳда ўқитилади
Президент Мирзиёев боғча тарбиячилари учун муҳим янгиликни айтди.
Ҳозирда 7 мингдан ортиқ давлат боғчаларида 120 мингга яқин педагоглар бўлгани билан уларнинг атиги 34 фоизи олий маълумотга эга. Лекин ҳозирда тарбиячиларнинг мактаб ўқитувчилари каби тоифа олиши учун олийгоҳ дипломи талаб этилади. Шу сабабли олий маълумотли ва ўрта маълумотли тарбиячининг ойлигида фарқ бор.
Шу боис, давлат ва хусусий боғча тарбиячиларини ишдан ажралмаган ҳолда олийгоҳларда ўқитиш йўлга қўйилиб, йилига 10 минг тарбиячи олий маълумотли қилинади.
Яна бир янгилик. Худди Президент мактаблари каби ҳар бир вилоятда “Янги авлод” боғчалари ташкил қилиниб, уларда тарбиячилар илғор педагогик технологияларни ўрганади. Энг муҳими, янги методикаларни ўрганиш учун бу масканларнинг эшиги хусусий боғча тарбиячиларига ҳам доимо очиқ бўлади.
Шунингдек, эндиликда хусусий боғчалардаги тарбиячилар ойлиги ва бола харажатининг бир қисми ҳам бюджетдан қоплаб бериладиган тизим жорий этилади.
Битирувчилар мактабдаги имтиҳон натижалари билан ОТМга киради
Ўзгаришлар мактаб таълимида ҳам етарлича. Янги ўқув йилидан бошлаб мактаб даврида ўқувчиларнинг қобилиятига қараб, касб ёки олий таълимга йўналтириш учун 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилинади. Шу орқали 400 мингга яқин 9-синф битирувчилари техникумларга қамраб олинади. Ўқишни мактабда давом эттириб, олийгоҳга кириш истагида бўлган ёшларга фанлар танлов асосида чуқурлаштириб ўтилади. Бир сўз билан айтганда, мактабдаги якуний имтиҳон натижалари билан битирувчилар хоҳласа техникумга, истаса олийгоҳга кира оладиган бўлади.
Ҳар йили ўн минглаб мактаб ўқувчилари хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар олаётганини эшитган бўлсангиз керак. Энди бундай сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олиниши айтилди.
Хабарингиз бор, ўтган ҳафта имзоланган Президент қарорига мувофиқ, мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинмоқда. Бугунги мулоқотда ушбу ловозимни эгаллайдиган шахснинг вазифалари айтилди.
Мактаб маслаҳатчисининг лавозим маоши умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозим маошига тенглаштирилади, менежерлик сертификатига эга бўлган мактаб маслаҳатчиларига ҳар ойлик 30 фоиз миқдорида қўшимча устамалар тўланади. Мактабларда ўқувчиларнинг портфолио базаси шакллантириладиган "ERP.PORTFOLIO" платформаси яратилади. У мактаб маслаҳатчилари томонидан юритилади ҳамда 2028-2029 ўқув йилидан мактаб шаҳодатномаларида қайд этилади.
Мактаб маслаҳатчилари 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқиши бўйича саралаб, 9-синфни битирганида техникумларга йўналтиради.
Техникумдаги устозлар ҳам сертификат олади
Энди навбат техникумларга келди. 9-синфни битириб, техникумга кирган ёшларга мактабга қайтиб келиш имконияти берилади. Шу билан бирга, 10-синфга ўтиб, мактабда ўқиш фикридан қайтган ёшлар ҳам таълимни техникумда давом эттириши мумкин бўлади. Бундан ташқари, бу йил 11-синфни битириб, олийгоҳга кира олмаган 200 минг ёшлар ҳам техникумларда 3-6 ойлик қисқа муддатли дастурлар асосида касбга ўқитилади.
Хўш техникумга кирганлар нимани ўрганади, дейсизми? Мулоқотда 2026 йил – "Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили" бўлиши қайд этилди.
Шу мақсадда Касбий таълим агентлиги ташкил қилинмоқда. Ушбу агентлик ва ҳокимларнинг асосий вазифаси барча 598 та техникумга янги муҳит олиб кириш ва халқаро стандартларни жорий қилишдан иборат бўлади.
Масалан, бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Швейцария, Хитой, Корея, Британия каби давлатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг энг илғор касбий таълим дастурлари жорий қилиниши белгиланди.
Бундан ташқари, касбий кўникмаси бор исталган талабгор ушбу техникумларда хорижий давлатларнинг малакани баҳолаш тизими орқали имтиҳондан ўтиб, халқаро сертификат олиши мумкин бўлади.
Жорий ўқув йилидан Англиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳудудлардаги 14 та техникумда “БИТЕК” халқаро дастури бошланди. Бу орқали ёшлар халқаро стандартлар асосида туризм, ахборот технологиялари, тиббиёт, қурилиш, логистика, электротехника, энергетика, машинасозлик, биотехнология, креатив иқтисодиёт каби йўналишларда талаб юқори касбларни эгаллайди.
Келаси йили саноатда қарийб 45 миллиард долларлик 456 та йирик лойиҳа бошланади. “Инвестор – тармоқ – техникум” занжири асосида техникумларда дуал таълим йўлга қўйилади. Корхоналар билан аниқ лойиҳалари бўлган техникумлар ўртасида замонавий устахоналарни барпо қилиш бўйича танлов ўтказилади. Танлов ғолибларига устахона учун замонавий ускуна ва жиҳозлар, спорт анжомлари олиб берилади.
Давлат раҳбари техникумдаги муаллим ва усталарнинг малакасини, жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича ҳам янги ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади. Шу орқали техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоизи миқдорида устама тўланади.
Шу билан бирга, техникум директори ва ўринбосарларига мактабдаги ҳамкасбларидан кам бўлмаган ойлик қилиб берилади. Агар улар “Директорлар мактаби”да менежерлик сертификатини олса, яна қўшимча 20 фоиз устама тўланади.
Эндиликда техникумларда ҳам олийгоҳлардаги каби илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йўлга қўйилади. Ҳар йили 500 нафар муаллим илғор хорижий таълим ташкилотларига, яна 500 нафар усталар эса чет элдаги йирик корхоналарга стажировкага юборилади.
Хорижлик талабалар 5 баравар кўпаяди
Олий таълимдаги ислоҳотлардан асосий мақсад Ўзбекистонни минтақавий таълим ва илм-фан хабига айлантириш экани таъкидланди. Масалан, ҳозирда 4 та олийгоҳ дунёдаги ТОП-мингталикка кирган. Яқин йилларда уларнинг сони 10 тага етказилади.
Шу билан бирга, олийгоҳларда хорижий ТОП-500 талик университетлар билан ахборот технологиялари, сунъий интеллект, агротехнология, тиббиёт, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади. Бундан ташқари, чет элдаги ТОП-100 таликка кирган олийгоҳларнинг филиаллари очилади.
Хорижлик талабалар сони 5 баробарга оширилиб, таълим экспорти 200 миллион долларга етказилади.
Олий таълимнинг ҳар бир йўналишида, ўқитувчилар ва талабалар ўртасида танловлар ўтказилиши белгиланди. Ғолибларга 250 миллион сўмгача пул мукофоти берилади. Республика танловида энг кўп ғолиблари бўлган олийгоҳларга замонавий лаборатория, илмий адабиётлар ва бошқа жиҳозлар учун 1 миллиард сўмдан берилади.
Ўқитувчилар учун совға
Президент Шавкат Мирзиёев педагогларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди:
- янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади;
- келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилади;
- ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади;
- келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади;
- фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади;
- бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади;
- дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади;
- рейтингда 100 таликка кирган мактаб ва боғча, 20 таликдаги техникум, ТОП-10 та олийгоҳ педагогларига йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поездлар чипта нархларига 15-20 фоиз чегирма берилади.
Тадбирда Шавкат Мирзиёев юксак унвон, орден ва медалларни ўз эгаларига топширди.
Live
Барчаси