Боғчадаги заҳарланишлар ва тарқалаётган қизамиқ. Масъуллар “тилга кирди”

Жамият

Миллий матбуот марказида Санитария-эпидемиология қўмитаси томонидан 2025 йил якунлари ва 2026 йилги режалар бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Унда Фарғона вилоятида болалар билан кузатилган оммавий заҳарланиш ҳолати, озиқ-овқат хавфсизлиги ва юқумли касалликлар статистикаси бўйча маълумотлар берилди. 

Бундан бир неча кун аввал Фарғона вилоятидаги боғчаларда 60 нафардан ортиқ бола овқатдан заҳарлангани ҳақида маълумотлар тарқалди. Овқатлар марказлашган тарзда пластик идишларда етказиб берилган, айрим ота-оналар эса бу тартибга аввалдан қарши эканлигини билдирган. Мазкур ҳолат юзасидан мутасаддилардан назорат механизми, профилактик текширувлар ва йирик миқёсда овқат етказиб берувчи корхоналар устидан кузатув қай даражада амалга оширилаётгани ҳақида изоҳ сўралди. 

“Фарғона вилоятида Фарғона шаҳрининг 2-, 58-, 61- давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар орасида гуруҳли касалланиш қайд этилган. Касалланганларнинг умумий сони 62 нафарни ташкил этиб, 23 февраль куни икки нафарига, 24 февралда 11 нафарига саломатлиги яхши бўлганлиги учун уйларига жавоб берилган. Ҳозир Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари, лаборатория мутахассислари Фарғона вилоятида ишлаяпти ва гуруҳли касалланиш келиб чиқиш сабабларини аниқлашга ҳаракат қиляпти. Гап шундаки, Фарғона вилоятида мактабгача таълим ташкилотларига овқатлантириш хизматини катеринг ташкилоти амалга оширади ва агар муаммо фақат катерингнинг ўзида бўлганда, айтайлик, катта миқдордаги болалар заҳарланиш эҳтимоли бор эди. Биз ҳозирги дастлабки маълумотларга қараганда, фақат бир йўналишда олиб борилган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган болалар орасида кўнгил айниш, ич кетиши, ҳолсизлик, қайт қилиш каби клиник белгилари кузатилган. Аутсорсинг тизими, катеринг тизими дунёда ўзини оқлаган ва ҳар томонлама, айтайлик, сифатли хизмат кўрсата оладиган тизим сифатида ўзини намойиш қилган. Албатта, бу тизимга нисбатан менинг фикрим фақат ижобий. Негаки, айнан ўзимизда овқат пиширилсин, ўзимиз пишириб етказамиз, ўзимиз болаларни боқамиз деган мактабгача таълим ташкилотларида содир бўлган воқеаларнинг ҳақида жуда кўп эшитганмиз. Ё масаллиқ етмаган, ё сифатсиз маҳсулот қўйган, ё масаллиқдан уриб қолинган ҳолатлар жуда кўп бўлган”, деди Санэпидқўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков.

2025 йилда ҳам Тошкент вилоятидаги боғчаларда қарийб 2000 нафар бола оммавий заҳарлангани жамоатчиликда жиддий хавотир уйғотган эди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан иш судда кўрилмоқда. Шу билан бирга, Самарқандда муддати ўтган ёки сифатсиз гўшт етказиб берилгани ҳақидаги хабарлар ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини яна кун тартибига олиб чиққан. Мазкур ҳолатлар фонида болаларнинг айни пайтдаги саломатлиги, шунингдек, республикадаги озиқ-овқат корхоналари устидан назорат қай даражада кучайтирилгани ҳақида саволлар янгради. Санитария эпидемиология қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабеков ушбу саволларга жавоб бериб, ҳолат юзасидан текширувлар ўтказилгани, иш судда экани ва назорат тадбирлари кучайтирилаётганини маълум қилди.

“Ҳақиқатан, 2025 йил Тошкент вилоятида 1922 нафар боланинг заҳарланганлиги ҳақида хабаримиз бор. Албатта, масъулларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Ҳалиям ўша суриштирув ишлари давом этяпти. Айбдорлар айбига яраша жавобини олиши муқаррар. Лекин энг асосийси, ўша заҳарланиш ҳолати қайд этилган болаларнинг барчасининг саломатлиги кузатув остида бўлган. Бирорта жиддий асорат бўлмаган. Эсингизда бўлса, беморларнинг охиргиси ётган кунидан тўрт кундан кейин шифохонадан чиқарилган. Албатта, ўша ҳолат бўйича текширувлар ўтказилган 1600 дан кўпроқ мактабгача таълим ташкилотларида ва 28 та ҳолатда санитария қоидаларини қўпол равишда бузилиш ҳолатлари бўлган ва 19 муассасада тиббий кўрикдан ўтмаган ходимларни ишга жалб қилиш ҳолатлари қайд этилган. Албатта, булар бўйича тегишли чоралар кўрилган ва тиббий кўрикдан ўтмасдан фаолият юритаётган шахслар барчаси ишдан четлатилган. Ҳозир бу тадбирлар давом этяпти”, деди Нурмат Отабеков.

Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube-каналида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Самарқанд Фарғона вилояти Нурмат Отабеков боғчалар қизамиқ Санитария заҳарланишлар Масъуллар профилактик текширувлар сифатсиз гўшт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made