БМТ Запорожье АЭСдан Россия қўшинларини олиб чиқиш бўйича резолюция қабул қилди. Ўзбекистон бетараф қолди
Олам
−
12 Июль
5315Кеча, 11 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Украинадаги ядровий иншоотлар хавфсизлиги бўйича резолюция лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Унда Россиядан қўшинларини Запорожье атом электр станциясидан олиб чиқиб кетиш талаб қилинган. Taшаббусни 192 давлатдан 99 таси қўллаб-қувватлади. 9 делегация қарши овоз берди, 60 таси бетараф қолди.
Жумладан, Беларусь, Бурунди, Шимолий Корея, Куба, Мали, Никарагуа, Россия, Сурия ва Эритрея резолюцияга қарши чиққан. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон, жами 60 нафар давлат бетараф қолган. Туркманистон овоз беришда қатнашмаган. Бетараф қолганлар орасида Жазоир, Арманистон, Вьетнам, Хитой, Мексика, Мўғулистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар ҳам бор.
Резолюция муаллифлари Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари, жумладан, унинг суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини билдирган.
Қайд этилишича, Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган қарорлар маслаҳат характерига эга ва уни қабул қилиш мажбурий эмас. Ҳужжат “Украинадаги атом иншоотларининг, шу жумладан Запорожье атом электр станциясининг техник ва жисмоний хавфсизлиги” деб номланади. У 13 банддан иборат. Бандлардан бирида Россия Федерациясидан ушбу АЭСдаги ўз ҳарбий хизматчилари ва бошқа рухсатсиз ходимларни зудлик билан олиб чиқиб кетишни талаб қилинган. Таъкидланишича, Россия қўшинлари Украина ҳудудидан “халқаро тан олинган чегаралар доирасида” чиқиб кетиши керак.
Маълумот учун, 2022 йил октябрь ойидан бери Запорожье АЭС “Росатом” нинг шўба корхонаси “Росэнергоатом” ОАЖ назорати остида. 2024 йил 21 июнь куни Украина ҳарбийлари Радуга подстанциясига ҳужум қилиши оқибатида трансформатор шикастланди. 26 июнь куни Великая Знаменкадаги станциянинг радиация назорати пости артиллериядан ўққа тутилиши туфайли йўқ қилинди. 3 июль куни подстанцияга дрон ҳужуми оқибатида Запорожье АЭСнинг саккиз нафар ходими жароҳат олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Запорожье АЭСга дрон ҳужуми оқибатида реактор қобиғига зарар етгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси