БМТ урушларда қатнашаётган болалар сонини очиқлади

Олам

image

Дунё бўйлаб қуролли тўқнашувлар ҳудудларида яшаётган болалар сони 160 миллионга етди. Афсуски, ҳар йили кўплаб болалар қуролли можаролар сабаб қурбон бўлмоқда. Бу маълумотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва “Save The Children” халқаро нодавлат ташкилоти ҳисоботларида келтирилган

1982 йилда БМТ 4 июнни “Халқаро тажовуз қурбонлари бўлган бегуноҳ болалар куни” деб эълон қилди. Ўша пайтда, Исроилнинг қуролли ҳужумларига учраган фаластинлик ва ливанлик болалар ҳақида қарор қабул қилинди. 

БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 10 йил ичида можаролар натижасида ногирон бўлган ёки вафот этган болалар сони 93 мингдан ортиқ. 

2020 йилда бутун тарихда болаларга нисбатан тасдиқланган рекорд даражада жиноятлар қайд этилди – бу 2019 йилга нисбатан 26 мингтага кўп. 

Маълумотларга кўра, болаларга нисбатан жиддий ҳуқуқбузарликлар сони БМТ ҳисоб юрита бошлаган 2005 йилдан бери 250 мингдан ошган. 

Фаластин, Яман, Конго Демократик Республикаси, Сомали ва Афғонистон жиноятчилик даражаси энг юқори мамлакатлар сифатида ажралиб туради. 

2010 йилдан бери кунига қарийб 25 бола тўқнашувлар натижасида ҳалок бўлган ёки жароҳат олган. 

“Save The Children”нинг 2020 йилги ҳисоботига кўра, зиддиятли ҳудудларда яшовчи болалар сони 2018 йилдан 2 фоизга ошиб, 160 миллионга етган.  

Худди шу ҳисоботнинг 2019 йилги натижаларига кўра, болалар яшайдиган энг хавфли мамлакатлар Осиё ва Африкада жойлашган. Ушбу рўйхатга Афғонистон, Жанубий Судан, Ироқ, Конго Демократик Республикаси, Мали, Нигерия, Марказий Африка Республикаси, Сомали, Судан, Сурия ва Яман киради. 

БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 250 мингга яқин бола можароларда қатнашмоқда. Ушбу болалардан жангчилар, хабарчилар, жосуслар, юк ташувчилар ёки ошпазлар сифатида фойдаланилади. Қизлар жинсий зўравонликка учрайди. Улар барча ҳуқуқлардан маҳрум.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг