БМТ Украинадаги урушда қанча тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилди
Олам
−
01 Апрель 2023
6362Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2022 йил 24 февралдан ҳозиргача Россиянинг Украинага босқини оқибатида 8400 тинч аҳоли қурбон бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 52-сессияси доирасида Украина бўйича ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.
“Бу уруш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми ва халқаро ҳуқуқ асосида бу жинниликни тўхтатиш ва тинчликка эришиш керак”, деган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Турк.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йил 24 февралдан бери Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши оқибатида 8400 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 14 минг тинч аҳоли жароҳатланган. Аммо бу рақамлар, Фолькер Турк айтганидек, айсбергнинг фақат учи. Қурбонларнинг аксарияти рус қўшинлари томонидан аҳоли турар жойларида йирик калибрли портловчи қурилмалардан фойдаланилиши оқибатида вафот этган.
Олий комиссарнинг маълум қилишича, БМТ экспертлари Украинанинг босиб олинган ҳудудларида Россия қуролли кучлари ҳамда “Вагнер” каби унга алоқадор қуролли гуруҳлар томонидан қатл ва тинч аҳолига қаратилган ҳужумларни ҳужжатлаштирган.
“Қамоқхонадан озод этилган 89 нафар фуқаро билан суҳбат чоғида уларнинг 91 фоизи “Россия ходимлари” томонидан қийноқ ёки шафқатсиз муомалага, жумладан, жинсий зўравонликнинг турли шаклларига дуч келганлиги маълум бўлди. Мажбуран йўқ қилиш қурбонлари орасида эса беш нафар ўғил бола ҳам бор, улардан бири атиги 14 ёшда бўлган. Бу беш нафар боланинг ҳаммаси қийноққа учраган”, дейди Олий комиссар БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоларига.
Унинг сўзларига кўра, “Россия ходимлари” томонидан қайд этилган 109 та жинсий зўравонлик ҳолатларининг аксарияти қамоқхоналарда содир этилган. Россия қўшинлари назорати остидаги ҳудудларда ҳам аёлларни зўрлаш ҳолатлари ҳужжатлаштирилган. Зўрланганларнинг уч нафари 18 ёшга тўлмаган қизлар бўлган.
Худди шу даврда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси Украина хавфсизлик кучлари иштирок этган зўрлик билан ғойиб бўлиш ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олишнинг 91 та ҳолатини қайд этган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан сўралган 73 жабрланувчининг 53 фоизи қийноқ ёки шафқатсиз муносабатда бўлганликларини айтган. “Украина ходимлари” томонидан содир этилган жинсий зўравонликнинг 24 та ҳолати қайд этилган. Бу жиноятларнинг аксарияти қамоққа олишнинг дастлабки босқичида содир этилган.
Россиянинг Украинага қарши уруши бутун дунёни даҳшатга солаётганини таъкидлаган Олий комиссар озиқ-овқат, энергия, ўғит ва бошқа зарур товарлар нархининг кескин ошганини, бу эса барча ҳудудларда кескинлик ва тенгсизликнинг кучайишига олиб келганини эслатган. Бугунги кунда дунё бўйлаб 71 миллиондан ортиқ киши қашшоқлик чегарасида экани айтилган.
Шу муносабат билан БМТ Бош ҳуқуқ ҳимоячиси Қора денгиз дон ташаббусининг муҳимлигини қайд этиб, унинг ваколат муддати тугайдиган 2023 йилнинг май ойидан кейин бу муддатни яна узайтиришга чақирган.
Фолькер Туркнинг таъкидлашича, Россия бошлаган бузғунчи уруш бутун дунёни бир қатор муаммоларни, жумладан, бутун инсониятнинг омон қолиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишдан чалғитмоқда.
LiveБарчаси