БМТ Украинага 40 миллион доллар ажратди
Олам
−
15 Март 2022
3020Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Украинанинг энг заиф аҳолисига ҳаётни сақлаб қолиш учун ёрдамга Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш марказий жамғармасидан яна 40 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Нью-Йоркда журналистларга маълум қилди.
Бош котиб Украинадаги урушни тезроқ тугатиш бўйича воситачилик саъй-ҳаракатларини кучайтириш мақсадида Хитой, Франция, Германия, Ҳиндистон, Исроил ва Туркия каби қатор давлатлар раҳбарлари билан яқин алоқада эканини таъкидлади.
“Икки нарса соат ўтган сайин кўпроқ ва аниқроқ бўлиб бормоқда. Биринчидан, вазият ёмонлашмоқда. Иккинчидан, натижа қандай бўлишидан қатъи назар, бу урушда ғолиб бўлмайди, фақат мағлуб бўлади”, дейди ташкилот раҳбари.
БМТ ва гуманитар шериклар тинч аҳолининг қамал қилинган ҳудудлардан хавфсиз ўтишини таъминлаш ва вазият имкон берган жойда ёрдам кўрсатиш устида ишламоқда. 600 000 дан ортиқ одам аллақачон қандайдир ёрдам олган.
“Украинада миллионлаб одамлар очлик, шунингдек, сув ва дори-дармонсиз қолишга дуч келмоқда. Шу муносабат билан мен Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украина аҳолисининг энг заиф қатламларига ҳаётий ёрдам кўрсатиш учун Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш марказий жамғармасидан яна 40 миллион доллар ажратишини эълон қиламан”, дея давом этди Гутерриш.
Қайд этилишича, бу маблағлар мамлакатга зарур озиқ-овқат, сув, дори-дармон етказиб бериш, шунингдек, аҳолига молиявий ёрдам кўрсатишга хизмат қилади.
"Аммо, қуршовдаги шаҳарларга олиб борувчи йўллар кундан-кунга хавфли бўлиб бормоқда. Шу муносабат билан мен халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилиш муҳимлигини таъкидлайман”, дейди БМТ раҳбари.
Гутерришга кўра, бу можаронинг яна бир жиҳати борки, у ҳали унчалик сезилмайди. Урушнинг оқибатлари Украина чегараларидан ташқарида ҳам таъсир кўрсата бошлайди.
“Бу уруш давом этар экан, “Дамоклнинг қиличи” бутун жаҳон иқтисодиёти, айниқса, ривожланаётган дунё устидан осилиб қолади”, дейди Гутерриш.
Унинг сўзларига кўра, Россия ядровий кучларининг жанговар тайёргарлиги даражасининг ошиши “совуқ ҳодиса”дир.
“Украина халқи бошига тушган даҳшатни тўхтатиб, дипломатия ва тинчлик йўлига ўтиш вақти келди. Бизга ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойиллари асосида жиддий музокаралар олиб бориш зарур. Бизга тинчлик керак”, дейди Антониу Гутерриш.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь