БМТ Трамп даврида совуқлашган муносабатларни Байден билан иситмоқчи
Олам
−
01 Декабрь 2020
4541Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш АҚШ Президентлигига номзод Жо Байден билан телефон орқали суҳбат ўтказди ва уни давлат раҳбари лавозимига сайлангани билан табриклади.
БМТ хабарига кўра, Бош котиб АҚШ ва БМТ ўртасидаги яқин ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаган.
“У (Гутерриш) сайланган Президент ва унинг жамоаси билан бугунги кунда дунё олдида турган кўплаб долзарб муаммоларни, шу жумладан COVID-19 пандемиясини, иқлим ўзгаришини, тинчлик ва хавфсизликни сақлашни ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳал қилишда шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга ишонмоқда”, дейилган баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ 2015 йилда қабул қилинган Париж иқлим келишувидан жорий йилнинг 4 ноябрь куни расман чиқиб кетди. Трампнинг ЖССТ билан келишолмаслиги сабаб у мамлакатни бу ташкилотдан ҳам чиқаришга қарор қилганди. Америка келаси йил ёзда ташкилотни тарк этиши белгиланган.
АҚШнинг сайланган Президенти Жо Байден эса расман янги лавозимига киришгач, ишни нимадан бошлашини ўйлаб қўйган. У АҚШнинг муддати тугаб бораётган Президенти Дональд Трампнинг бир нечта қарорини бекор қилиш ниятида. Хусусан, сиёсатчи АҚШни Париж иқлим келишувига қайтариб, мамлакатнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқишини бекор қилмоқчи.
АҚШнинг янги Президенти иқлимни ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқчи. Трамп глобал исиш инсон фаолияти маҳсули эканига шубҳа билдириб келади. Байден эса 2050 йилгача АҚШни тўлалигича қайта тикланувчи энергияга ўтишини таъминламоқчи.
Шунингдек, коронавирус пандемияси масаласида ҳам Трамп ва Байденнинг қарашлари бир-бирига мутлақо зид. Трамп ўзи коронавирусга чалинди ва шифохонадан Оқ уйга қайтгач, бу касалликдан қўрқиш керакмаслигини айтди. Жо Байден эса америкаликларни доим тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофага амал қилишга чақириб, зарарланиш хавфига жиддий қараш кераклигини айтиб келяпти. У Оқ уйга жойлашгач, биринчи кундан коронавирус пандемиясига қарши курашнинг узоқ муддатли дастурини тақдим қилмоқчи.
Байден Трамп пандемияга қарши курашиш учун ҳеч нарса қилмаганини ҳам таъкидлаганди.
Маълумот учун, АҚШда коронавирусга чалинганлар 13,6 млндан ошган. 268 мингдан кўп бемор вафот этган. Иккала кўрсаткич бўйича ҳам АҚШ дунёда биринчи ўринда туради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 ноябрь куни АҚШда президентлик сайлови ўтказилди. Сайлов натижаси расман эълон қилинмаган бўлса-да, натижалар демократ Жо Байденнинг ғалабасини кўрсатмоқда.
LiveБарчаси