БМТ Россия ва АҚШни ўйинбузуқилик қилмасликка чақирди
Олам
−
10 Август 2022
7765Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш ва чеклаш тўғрисидаги шартнома (СҲҚҚЧШ) Қўшма Штатлар ва Россия Федерацияси ўртасида ядровий қуролларни чеклаш бўйича ягона икки томонлама келишувдир. Томонлар унинг қоидаларига тўлиқ риоя қилиш учун жавобгардирлар. Бу ҳақда Нью-Йоркдаги брифингда БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик журналистнинг Россия Федерацияси ўз объектларини СҲҚҚЧ шартномаси бўйича инспекция фаолиятидан вақтинча олиб қўяётгани ҳақидаги расмий маълумотларга изоҳ бериб айтиб ўтди.
БМТ вакили СҲҚҚЧ шартномаси халқаро тинчлик, ядро хавфсизлиги ва ядро қуролини тарқатмаслик режимининг муҳим элементи эканлигини таъкидлади.
“Иккала томон ҳам кириш билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал қилиши ва инспекторларга ушбу жуда муҳим шартноманинг [ижро этилишини] текшириш бўйича ўзларининг муҳим ишларини давом эттиришларига имкон беришлари керак”, дейди Стефан Дюжаррик.
У Бош котиб ҳозир Осиё мамлакатларига сафар қилаётганини, бу сафар ядро қуроли масаласи диққат марказида эканини эслатган.
Ҳозир БМТ раҳбари ўзини ядросиз ҳудуд деб эълон қилган Мўғулистонда. Кейин Бош котиб Сеулга боради ва у ерда Корея яриморолидаги вазият муҳокама қилинади.
“Айтганимдек, СҲҚҚЧ шартномаси икки энг қудратли ядровий давлат ўртасида қолган ягона келишувдир. Ва менимча, барча томонлар унинг тўлиқ ҳурмат қилинишини таъминлаш учун жавобгардир”, деган Дюжаррик.
Аввалроқ Россия ТИВ Москва ушбу шартнома бўйича текширувлар ўтказиладиган объектларини СҲҚҚЧ шартномаси бўйича текширув фаолиятидан вақтинча олиб қўяётгани ҳақида хабар берганди. Бу ҳақда Вашингтонга ҳам огоҳлантириш юборилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, Россия объектларининг СҲҚҚЧ доирасидаги текширув фаолиятидан чиқишига Қўшма Штатларнинг яқин кунларда текширув ўтказиш нияти сабаб бўлган.