БМТ Олий суди Мьянмани мусулмонлар геноциди учун жавобгар деб топди
Олам
−
21:48 342 3 дақиқа
Бугун, 19 ноябрь куни БМТ Олий суди 2017 йилда Мьянма хавфсизлик кучлари томонидан роҳинжа озчилигига нисбатан содир этилган минглаб қотилликлар ва кенг кўламли жинсий зўравонлик давлат томонидан ҳомийлик қилинган геноцидни англатиши тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Гамбия даъвоси берилганидан етти йил ўтиб қабул қилинган ушбу қарор Холокост давридан буён халқаро суд геноцидни исботлаш учун ҳуқуқий мезонларни белгилаган бор-йўғи тўртинчи ҳолат, давлат жавобгар деб топилган эса илк ҳолат бўлди.
Суд Мьянма роҳинжаларга товон пули тўлашга, уларнинг хавфсиз ва муносиб қайтишини ҳамда оилаларининг бирлашишини таъминлашга мажбур экани тўғрисида қарор чиқарган. Ҳукм якуний бўлиб, устидан шикоят қилинмайди, шу билан бирга судьялар у геноцид билан боғлиқ бошқа ишларга ҳам таъсир кўрсатишини кутмоқда.
“Суд Мьянма хавфсизлик кучлари минглаб тинч аҳоли вакиллари – роҳинжаларни ўлдирганини, кенг кўламли жинсий зўравонлик ҳаракатларини, шунингдек, болаларга нисбатан ўта шафқатсиз хатти-ҳаракатларни содир этганини ва қочаётган роҳинжаларга ҳужум қилганини аниқлади”, дейди раислик қилувчи судья Юдзи Ивасава қарорни ўқиб эшиттирар экан.
Судьялар “Мьянма хатти-ҳаракатларининг ягона мантиқий изоҳи – ҳимоя остидаги гуруҳнинг муҳим қисмини, яъни Ракхайн штати шимолий қисмидаги роҳинжа аҳолисини йўқ қилиш нияти экани” тўғрисидаги хулосага келган.
Суд нималарни аниқлади?
Суд эркаклар ва ўғил болаларнинг оммавий қатл этилгани, роҳинжа аёлларига нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари, шунингдек, роҳинжаларга қарши нафрат уйғотиш билан кечган “тозалаш операциялари” давомида юзлаб қишлоқларнинг ёқиб юборилгани ва вайрон қилинганини қайд этган. Бунда БМТ миссиясининг камида 10 000 киши ҳалок бўлгани ва 700 000 дан ортиқ роҳинжа ўз юртини тарк этгани тўғрисидаги маълумотлари инобатга олинган.
Товон пули миқдори кейинроқ белгиланади. БМТ Халқаро суди қарори якуний бўлса-да, уни мажбурий ижро этиш имконияти чекланган. Буюк Британия Мьянманинг ҳарбий атташесини мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилган ва навбатдаги қадамларни тайёрламоқда. Шунингдек, парламентарийлар ижро масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига олиб чиқишга чақирган.
Экспертларнинг қайд этишича, бу 1948 йилги Геноцид тўғрисидаги конвенцияни қўллаш бўйича сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт ичидаги илк йирик ҳукм бўлиб, у бошқа ишларга, жумладан, Исроил Ғазода геноцид содир этишда айбланаётган ЖАРнинг 2023 йилги даъвосига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Аввалроқ, халқаро судлар ҳам Руанда (1994), Сребреница (1995) ва Камбожада (1970-йиллар охири) геноцид содир этилганини тан олган.
Маълумот учун, роҳинжалар – аҳолисининг асосий қисмини буддистлар ташкил этувчи Мьянманинг ғарбий қисмидаги Ракхайн штатида асрлар давомида яшаб келган мусулмон этник озчиликдир. Ўзларининг алоҳида тили ва маданиятига эга бўлишларига қарамай, Мьянма ҳукумати уларни мамлакатнинг расмий этник гуруҳлари рўйхатига киритмаган ва Бангладешдан келган ноқонуний муҳожирлар деб ҳисоблаб, 1982 йилги қонун билан уларни фуқароликдан маҳрум қилган.
Фуқаролиги бўлмагани сабабли роҳинжалар ҳаракатланиш, таълим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва меҳнат қилиш борасида тизимли чекловларга дуч келиб, дунёдаги энг кўп таъқибга учраган халқлардан бирига айланган. Вазият 2017 йил август ойида Мьянма ҳарбийларининг Ракхайн штатида ўтказган кенг кўламли “тозалаш операциялари” ортидан фожиали тус олди: ўшанда минглаб тинч аҳоли ўлдирилди, юзлаб қишлоқлар ёқиб юборилди ва 700 мингдан ортиқ роҳинжа қўшни Бангладешга қочиб ўтишга мажбур бўлди. Ҳозирда уларнинг катта қисми Бангладешдаги улкан қочоқлар лагерларида, жумладан, дунёдаги энг йирик Кокс-Базар лагерида оғир гуманитар шароитда истиқомат қилмоқда.
Live
Барчаси