БМТ Хафсизлик Кенгашида Россиянинг таклифи рад этилди
Олам
−
29 Март 2023
12829Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашида “Шимолий оқим” портлашини текшириш бўйича резолюция қабул қила олмади. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 27 март куни Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашида “Шимолий оқим” газ қувуридаги портлашларни мустақил тергов қилишга чақирувчи резолюцияни таклиф қилган. 15 аъзодан иборат кенгашда қарор лойиҳасини қабул қилиш учун камида тўққизта овоз керак бўлади. Бироқ Россиянинг резолюция лойиҳасига ўзидан ташқари, Хитой ва Бразилия овоз берган, холос. Қолган 12 кенгаш аъзоси эса бетараф бўлган.
Таъкидлаш жоизки, Россия табиий газини Болтиқ денгизи орқали Германия шимолига олиб борган “Шимолий оқим” қувурлари 2022 йилнинг 26 сентябрь куни бир қатор портлашлар оқибатида ёрилиб, минтақа давлатлари расмийлари “эҳтимолий саботаж” деб атаган маълумотлар сизиб чиқишига сабаб бўлган эди. Россия АҚШни қувурларга жиддий зарар етказган портлашларга бевосита алоқадорликда айблаб келади.
Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небензя ҳам овоз бериш жараёнидан олдин резолюция бўлиб ўтган воқеаларни кенг қамровли, ошкора ва холис текширув ўтказиш учун халқаро мустақил комиссия тузишни мақсад қилганини айтган.
АҚШ элчиси ўринбосари Роберт Вуд эса Қўшма Штатлар Россиянинг ушбу қўпорувчилик ҳаракати бўйича бизга қўйган асоссиз айбловларини қатъиян рад этишини билдирган. Унинг айтишича, резолюция лойиҳаси ҳақиқатни излашга эмас, балки давом этаётган миллий тергов ишларини обрўсизлантиришга уриниш бўлади.
LiveБарчаси