БМТ Исроилни жинсий зўравонликда айблади

Олам

image

БМТнинг мустақил экспертлари Исроил жинсий зўравонликни уруш воситаси сифатида қўллаётганини айтмоқда. Бу ҳақда уларнинг жорий йил 13 март куни эълон қилинган ҳисоботида сўз боради.

Ҳужжатда геноцид амалиёти, жумладан, Ғазо сектори ва Шарқий Қуддусдаги аёллар клиникаларининг атайлаб вайрон қилиниши қайд этилган бўлиб, бу ҳолат ҳисобот муаллифларига кўра, фаластинликларнинг репродуктив ҳуқуқларини бузади ва туғилиш даражасини назорат қилиш воситаси сифатида хизмат қилади.

Шунингдек, экспертлар Исроил ҳарбийларининг ҳаракатлари ҳомиладор аёллар ўлимининг ошишига сабаб бўлаётганини ҳам қайд этган. Чунки Фаластин аҳолисининг тиббий ёрдам олиш имконияти чекланган. Ҳисоботда, шунингдек, Исроил ҳарбийлари фаластинликларни омма олдида ечинишга мажбурлагани ва 7 октябрь воқеаларидан кейин “стандарт жазо амалиёти” сифатида жинсий жиноятлар содир этгани ҳақида даъволар бор.

Хусусан, Исроил хавфсизлик кучлари фаластинликларга нисбатан мажбурий оммавий ечиниш, зўрлаш таҳдидлари каби жинсий зўравонлик ва жинсий характердаги ҳужумларни ўзининг одатий амалиёти сифатида қўллайди. Ҳужжатда таъкидланишича, зўрлаш ва жинсий аъзоларга нисбатан зўравонлик каби ҳаракатлар бевосита буйруқ асосида ёки Исроилнинг фуқаровий ва ҳарбий раҳбариятининг сукут билан розилиги остида амалга оширилган.

Бундан ташқари, Комиссия Ғарбий Соҳилда Исроил кўчманчилари томонидан содир этилаётган жинсий ва гендер асосидаги жиноятлар учун жазо мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлаган.

“Исроил раҳбарларининг оқлов характеридаги баёнотлари ва ҳаракатлари, шунингдек, ҳарбий суд тизимининг жиноятчиларни самарали таъқиб қилиш ва жавобгарликка торта олмаслиги Исроил хавфсизлик кучлари аъзоларига жазодан қўрқмасдан бундай ҳаракатларни давом эттириш мумкинлигини аниқ англатади. Шу нуқтаи назардан, халқаро жиноий суд ҳамда мамлакатларнинг ички қонунчилиги ёки универсал юрисдикция доирасида фаолият юритувчи судлар орқали жавобгарликка тортиш қонун устуворлигини таъминлаш ва жабрланганлар учун адолатни қарор топтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, дейди комиссия раиси Нави Пиллай.

Ҳозирча Исроилда бундай ҳодисалардан фақат битта ҳолат расмий равишда тасдиқланган. Унга кўра, Сде-Тейман базасидаги қамоқхонада ҳарбийлар маҳбусга қарши зўравонлик қилган, жумладан, ўткир тиғли буюмдан фойдаланган.

Исроил қолган айбловларни рад этиб, армиясида бундай ҳаракатларни қатъиян тақиқловчи аниқ кўрсатмалар борлигини билдирган. Шунингдек, Исроилнинг Женевадаги БМТдаги доимий вакиллиги ҳар бир шикоят халқаро стандартларга мувофиқ ўрганилишини қайд этиб, ҳисобот муаллифларини тасдиқланмаган манбалардан фойдаланишда айблаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош Ассамблеяси Исроилга қарши учта резолюция қабул қилган эди. Бу резолюциялар 2024 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 17-марта Исроилнинг қораланиши бўлган. Ушбу резолюция 137 нафар ёқлаш, 12 нафар қарши ва 22 нафар бетараф овоз билан қабул қилинган. Резолюцияда инсонпарварлик ёрдами ва асосий хизматларни тақдим этишни таъминлаш ҳамда Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, резолюцияда Исроил томонидан босиб олинган ҳудудларда халқаро ташкилотлар фаолиятига тўсқинлик қилувчи чоралар қораланади.


Мақола муаллифи

Теглар

жинсий зўравонлик БМТ Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг