БМТ эҳтиёж ортганига қарамай, ёрдам сўровини қисқартирди

Олам

image

Бугун, 8 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти глобал гуманитар эҳтиёжлар мисли кўрилмаган даражада ошган бир пайтда, ёрдам маблағлари кескин камайганини маълум қилди. Шу сабабли БМТ бу йил кутганидан анча кам – 2026 йил учун 23 миллиард долларлик гуманитар ёрдам бюджетини сўраш билан кифояланди. Бу йил бошида Трампнинг гуманитар ёрдамларни кескин қисқартириш қарори билан узвий боғлиқ. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, БМТнинг 23 миллиард долларлик мурожаати шошилинч ёрдамга муҳтож бўлган ўн миллионлаб одамларга ёрдам беришни тўхтатиб қўяди, чунки қўллаб-қувватлашнинг пасайиши уни фақат энг оғир аҳволдагиларни биринчи ўринга қўйишга мажбур қилмоқда.

“Қисқартиришлар бизни оғир, қаттиқ ва шафқатсиз танловларга мажбур қилмоқда. Биз ҳаддан ташқари босимдамиз, етарли молиялаштирилмаяпмиз ва доимий ҳужум остидамиз. Биз гўё олов сари кетаётган тез ёрдам машинасимиз, лекин бакда ёқилғи тугаяпти ва бизни нишонга олишмоқда”, дейди БМТнинг гуманитар ёрдам бўйича раҳбари Том Флетчер.

Бир йил аввал БМТ 2025 йил учун қарийб 47 миллиард доллар сўраган эди. Бироқ бу кўрсаткич кейинчалик АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳамда Германия каби йирик донорларнинг ёрдамни сезиларли қисқартиришидан сўнг камайтирилди.

Ноябрдаги маълумотларга кўра, БМТ ҳозиргача бор-йўғи 12 миллиард доллар олган. Бу сўнгги 10 йилдаги энг паст кўрсаткич бўлиб, умумий эҳтиёжнинг атиги чорак қисмини қоплайди.

2026 йилги режа бўйича ҳаёти хавф остида қолган 87 миллион киши устувор тоифа сифатида белгиланган. Аммо яна қарийб 250 миллиондан ортиқ инсон шошилинч ёрдамга муҳтож. Агар имкон бўлса, БМТ 33 миллиард доллар эвазига 135 миллион кишига ёрдам кўрсатишни мақсад қилган.

2026 йил учун умумий сўровнинг 4 миллиард доллари Фаластин ҳудудларига, асосан икки йиллик урушдан вайрон бўлган Ғазо секторига йўналтирилади. Ғазода деярли барча 2,3 миллион аҳоли бошпанасиз қолган ва ёрдамга муҳтож. Иккинчи энг йирик ёрдам пакети Суданга, учинчиси эса Сурия аҳолисига мўлжалланган.

Флетчерга кўра, гуманитар ташкилотлар ҳозир “очарчилик кучайиши, касалликлар тарқалиши ва зўравонликларнинг ўсиб бориши билан жуда қўрқинчли сценарий”га юз тутмоқда. Ёрдам дастурлари айниқса урушлар, иқлимий офатлар, зилзилалар, эпидемиялар ва ҳосил етишмовчилиги таъсир қилаётган ҳудудларда инсон ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган.

Маълумот учун, БМТ гуманитар агентликлари асосан Ғарб донорларининг ихтиёрий бадалларига таянади. Қўшма Штатлар тарихан энг катта донор бўлиб қолмоқда. БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилда Трамп маъмуриятининг қисқартиришларига қарамай, АҚШ биринчи ўринни сақлаб қолди. Бироқ унинг улуши умумий ёрдамнинг учдан бир қисмидан 15,6 фоизгача қисқарган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Давлат департаменти бюджетини икки бараварга қисқартиришни, дипломатлар ва элчихоналар сонини, халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва НАТОни молиялаштиришни камайтираётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

бюджет Трамп БМТ 2026 йилги режа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг