БМТ Бош Ассамблеясига янги раис сайланди
Олам
−
09:54 3637 2 дақиқа
Бангладеш Ташқи ишлар вазири Халилур Раҳмон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг янги раиси этиб сайланди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида хабар берилди.
У ушбу лавозимда Германиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ўрнини эгаллайди.
Кеча, 2 июнь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида 72 ёшли Раҳмон номзодини 99 давлат вакили қўллаб-қувватлаган. Унинг рақиби, кипрлик дипломат Андреас Какурис эса 91 овоз тўплади.
Жорий йилнинг февраль ойида Бангладеш ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган Халилур Раҳмон БМТ Бош Ассамблеясига сентябрь ойидан раҳбарлик қилади. Унинг ваколат муддати бир йилни ташкил этади.
45 ёшли Анналена Бербок эса 2025 йил сентябридан буён БМТ Бош Ассамблеясига раислик қилиб келмоқда. У 2021–2025 йилларда Германия канцлери Олаф Шольц ҳукуматининг ташқи ишлар вазири бўлиб фаолият юритган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Халилур Раҳмонни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, у ўз фаолиятини мураккаб глобал муаммолар даврида бошлашини таъкидлаган.
Гутерришнинг қайд этишича, дунё ҳозирда қуролли можаролар, давлатлар ўртасидаги зиддиятларнинг кучайиши, тенгсизликнинг ортиши ҳамда иқлим инқирози каби жиддий синовларга дуч келмоқда.
БМТнинг энг йирик органи ҳисобланган Бош Ассамблеядаги раислик лавозими асосан тантанавий аҳамиятга эга. Раиснинг асосий вазифалари сессияларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, Бош Ассамблея номидан вакиллик қилишдан иборат.
Шу билан бирга, Бош Ассамблея раиси қарорлар қабул қилиш жараёнларига чекланган даражада таъсир кўрсатиши мумкин. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинадиган сиёсий қарорлар эса кўпинча рамзий аҳамият касб этиб, халқаро ҳамжамият кайфиятининг ифодаси сифатида баҳоланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июнь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов комиссиясининг 35-сессиясида иштирок этганди.
Live
Барчаси