БМТ АҚШнинг Эронга ҳужум дағдағасидан хавотирга тушди
Олам
−
16 Январь 1544 2 дақиқа
БМТ Эрон бўйлаб эҳтимолий ҳарбий зарбаларни назарда тутувчи турли оммавий баёнотларни хавотир билан қайд этмоқда. Бу ҳақда кеча, 15 январь куни бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида Бош котиб ёрдамчиси Марта Поби сўз очди.
Унинг фикрича, Эронга кутилаётган ташқи ҳужум шундоқ ҳам портлаш хавфи бўлган вазиятга беқарорлик қўшади. Шу боис у тарафларни максимал даражада вазмин бўлишга чақирди.
“Бош котиб ҳамон Эроннинг барча муаммолари, жумладан ядровий масала ва давом этаётган норозилик намойишлари билан боғлиқ хавотирларни дипломатия ва мулоқот орқали ҳал қилиш энг яхши йўл эканига ишонч билдирмоқда”, дея қўшимча қилди Поби.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти одамларнинг қурбон бўлишига олиб келиши ёки минтақавий кескинликни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиш кераклигини эслатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 14 январь куни “Reuters” агентлиги европалик манбаларга таяниб, АҚШ 24 соат ичида Эронга зарба беришини маълум қилганди. Эрон эса қўшни давлатларни огоҳлантириб, агар АҚШ томонидан ҳужум уюштирилса, улар ўз ҳудудида жойлашган Америка ҳарбий базаларига зарба беришини билдирган. Шундан сўнг Вашингтон Яқин Шарқдаги базаларидан ҳарбийларнинг бир қисмини олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилган.
“The New York Times” нашри эса, америкалик расмийларга таяниб, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампдан Эронга қарши ҳарбий зарбаларни вақтинча кечиктиришни сўрагани ҳақида ёзди.
Live
Барчаси