БМТ Афғонистонга 1 миллиард доллар ажратяпти

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти муҳтож афғонларга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун йилига 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ юборади. Ташкилотнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси бугун, 4 октябрь куни ўзининг Twitter саҳифасида хабар қилганидек, маблағлар на “Толибон”га, на мамлакат марказий банкига ўтказилади. 

“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўтган йил давомида Афғонистонга миллионлаб энг муҳтож афғонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бир миллиард доллардан ортиқ маблағ юборди. Пул тижорат банкига жойлаштирилган. Бу маблағлар на амалдаги ҳокимият органларига, на Афғонистон марказий банкига тақдим этилган”, дейилади хабарда. 

“Толибон” ҳаракати АҚШ 2021 йил баҳорида ўз қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш қарорини эълон қилганидан кейин Афғонистон устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса республикани тарк этди. 7 сентябрь куни “Толибон” қонунийлиги ҳали ҳеч қайси давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди. 

Ҳозирда “Толибон” томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, мамлакатдаги иқтисодий вазият ўта оғирлигича қолмоқда. БМТ маълумотларига кўра, 22,8 миллион афғон доимий равишда тўйиб овқатланмайди, 8,7 миллион киши эса оч қолади. Шу билан бирга, мамлакат аҳолисининг умумий сони, Миллий статистика ва ахборот бошқармаси маълумотларига кўра, 34,3 миллион кишини ташкил этади. Бу кўп жиҳатдан “Толибон” Афғонистондаги 9,4 миллиард доллар захиранинг атиги 0,1 фоизига эга бўлиши билан боғлиқ, чунки уларнинг катта қисми АҚШ томонидан музлатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг