БМТ 2023 йилда ўлдирилган журналистлар сонини эълон қилди
Олам
−
03 Ноябрь 2023
28632023 йилда камида 46 журналист ўлдирилган. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волькер Турк журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро кунига бағишланган баёнотида маълум қилди.
“Журналистлар кўпинча таҳдидлар, зўравонлик ва ҳатто қотиллик нишонига айланиб қолади, чунки уларнинг фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Журналистлар ва бошқа оммавий ахборот воситалари ходимларига қилинган ҳужумлар учун жазосизлик даражасини қабул қилиниши мумкин эмас. Ўтган ўн йил ичида эса халқаро ҳамжамият бу масалага эътиборини оширди”, деган Турк.
UNESCO маълумотларига кўра, журналистларга қарши жиноятларнинг 86 фоизи жазосиз қолмоқда. БМТ комиссари Волькер Турк журналистлар хавф остида қолар экан, ҳукуматлар уларни ҳимоя қилиш учун қонунлар қабул қилиши, полиция ва суд тизимлари эса уларнинг фаолияти билан боғлиқ ОАВ ходимларига қарши жиноятларни тергов қилишда самаралироқ ишлаши кераклигини айтган.
БМТ комиссарининг сўзларига кўра, ўтган йили қамалган журналистлар сони 2021 йилга нисбатан 20 фоизга ошиб, 363 нафарни ташкил қилган. Жорий йилда 531 нафар журналист қамоққа олинган. Сўнгги ўн йил ичида эса 893 дан ортиқ ОАВ ходимлари ўлдирилган.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) 21 октябрь куни Ғазо секторида Исроил ва Фаластин исломий ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги қарама-қаршилик чоғида камида 22 журналист – 18 фаластинлик, уч исроиллик ва бир ливанлик ҳалок бўлганини маълум қилган. Яна саккиз нафар журналист яраланган, уч нафари бедарак йўқолган ёки ҳибсга олинган.
CPJ маълумотларига кўра, 2023 йилда 36 журналист ўлдирилган, уларнинг ярми Исроил ва Ғазо секторида. ОАВ ходимлари ҳалок бўлган бошқа жойларга Украина, Афғонистон, Камерун, Колумбия, АҚШ, Гаити, Лесото, Филиппин, Бангладеш, Парагвай, Судан, Ливан, Руанда, Албания, Мексика, Ҳиндистон ва Ливия киради.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Москванинг Басманний суди “Биринчи канал”нинг собиқ муҳаррири Марина Овсянниковани Россия Федерацияси Қуролли кучлари ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбдор деб топиб, сиртдан 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилганди. Эронда эса “номақбул” ҳижоб кийгани сабаб ҳибсга олинган ва ўлдирилган 22 ёшли Маҳса Амини ҳақида ёзган мақоласи сабаб Нилуфар Ҳамдий ва Элах Муҳаммадий исмли журналистлар 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь