БМТ гаровдагиларни озод қилиш бўйича ҲАМАСга талаб қўйди
Олам
−
16 Октябрь 2023
4414БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҲАМАСни барча гаровдагиларни зудлик билан озод қилишга, Исроилни эса Ғазо секторига гуманитар юк етказиб беришга рухсат беришга чақирди.
“Биз барчамиз Яқин Шарқда тубсизлик ёқасида турган драматик дақиқада турибмиз. БМТ Бош котиби сифатида иккита гуманитар мурожаат қилиш менинг бурчимдир. Мен ҲАМАСни гаровга олинганларни зудлик билан ва шартсиз озод қилишга ва Исроилни Ғазонинг тинч аҳолиси манфаати учун гуманитар юкларга рухсат беришга чақираман”, дейилади Гутерришнинг баёнотида.
БМТ Бош котиби бу мақсадлар савдо-сотиққа айланиб кетмаслиги ва “бу адолатли иш” бўлгани учун ҲАМАС асирларини қўйиб юбориши кераклигини таъкидлаган.
"Ғазода сув, электр энергияси ва бошқа муҳим ресурслар тугамоқда. БМТ Миср, Иордания, Ғарбий Соҳил ва Исроилдаги омборларда озиқ-овқат, сув, ноозиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва ёқилғи захираларига эга. Бу маҳсулотлар Ғазога юборилиши мумкин”, дея қўшимча қилган у.
Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти махсус баёнот билан чиққан эди.