Блинкен Яқин Шарқдаги можаро фонида 3-марта Исроилга келди
Олам
−
03 Ноябрь 2023
3349Бугун, 3 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқдаги можаро кескинлашгандан бери учинчи марта Исроилга келди. Бу ҳақда у ўзининг X’даги саҳифасида маълум қилди.
"Исроилга қайтиб келдим, бу ерда Нетаньяху, Президент Герцог ва бошқа раҳбарлар билан учрашаман. Биз Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва Ғазо секторидаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги ишимизни муҳокама қиламиз", деб ёзган Блинкен.
Кеча, 2 ноябрь куни Вашингтонни тарк этишдан олдин оммавий ахборот воситаларига берган изоҳида Блинкен Исроил ҳукумати билан “ҲАМАСга қарши давом этаётган кампания” ва “тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун қилиниши керак бўлган қадамларни” муҳокама қилишни режалаштирганини айтган.
Шунингдек, у аввалги сафарларида бўлгани каби, ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар масаласини муҳокама қилмоқчи.
“Гуманитар ёрдам оқимининг давом этиши ва тинч аҳолининг кетиши Исроилдаги суҳбатларимизнинг асосий мавзуси бўлади”, деган Блинкен.
Маълумот учун, 12 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқ бўйлаб сафарини Исроилдан бошлаб, Иордания, Қатар, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Мисрга ҳам борган ва шу давлатларнинг расмийлари билан Исроил-Фаластин масаласини муҳокама қилганди. Араб давлатларига қилган сафаридан сўнг, Энтони Блинкен 16 октябрь куни Исроилга қайтиб борган. Шунингдек, АҚШ Президенти Жо Байден ҳам жорий йилнинг 18 октябрь куни Исроилга борган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ турк дипломатик манбалари Блинкен Туркияга ҳам ташриф буюришини айтганди, аммо Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер буни ҳозирча тасдиқламаган.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь