Блинкен Озарбайжон ва Арманистонни келиштириб қўйди. Томонлар ярашадими?
Олам
−
05 Октябрь 2022
3145АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали Баку ва Ереван ўртасида келишувга эришиш йўлидаги қадамларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайснинг кенг тарқалган баёнотида айтилади.
Қайд этилишича, суҳбат уч томонлама форматда бўлиб ўтган.
“Котиб Блинкен Арманистон ва Озарбайжон барқарор тинчлик келишувига эришиш учун олиб бораётган ижобий қадамларни маъқуллашимизни билдирди”, дейди Прайс.
Блинкен 2 октябрь куни бўлиб ўтган вазирлар учрашувини ҳам тинчлик жараёнидаги муҳим қадам сифатида олқишлаган.
“Давлат котиби ҳарбий асирларнинг озод этилишини олқишлади, Арманистон ва Озарбайжонга муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишда ёрдам беришга содиқлигини ҳамда вазиятдан чиқишнинг ягона йўли дипломатия эканини таъкидлади”, дейилади баёнотда.
Уч томонлама телефон суҳбати ҳақида Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Баку Арманистон билан тинчлик шартномасини имзолашга тайёрлигини тасдиқлаган.
“Вазир Жайҳун Байрамов Озарбайжоннинг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш тарафдори эканлигини ва тинчлик шартномасини имзолашга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади. Вазир, шунингдек, можародан кейинги даврда Баку Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудида яшовчи арман аҳолисини реинтеграция қилиш бўйича ишларни давом эттиришини таъкидлади”, дейилади баёнотда.
ТИВ маълумотларига кўра, учрашувда Бакунинг 2 октябрь куни Женевада бўлиб ўтган Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари учрашувида Озарбайжон томони таклиф қилган элементларни акс эттирувчи тинчлик шартномаси матни бўйича музокараларни давом эттириш билан боғлиқ умидлари таъкидланган.
“Делимитация қилинмаган чегарадаги кескинликни бартараф этиш ва ушбу масалаларни комиссия доирасида олиб бориш мақсадида октябрь ойида [Озарбайжон-Арманистон чегараси] делимитацияси бўйича икки томонлама комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш таклифи ижобий қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Блинкен, ўз навбатида, томонларни қуролли тўқнашувлардан сақланишга чақирган, таклиф этилган элементлар асосида тинчлик шартномаси бўйича музокараларни тезлаштириш ва чегарани делимитация комиссияси доирасидаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаган.
Озарбайжон ТИВ маълумотларига кўра, телефон орқали мулоқот чоғида Баку ва Ереван ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёнининг бошқа йўналишлари бўйича фикр алмашилган, муҳокама қилинаётган масалалар бўйича тараққиётга эришиш учун алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилган.
Баку ва Ереван ўртасидаги сўнгги йирик кескинлик жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси содир бўлган эди. Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь