Блинкен кутилмаганда Ироққа борди
Олам
−
13 Декабрь
1578АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бугун, 13 декабрь куни олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Ироққа борди. У Бағдодда мамлакат Бош вазири Муҳаммад Ал-Суданий билан учрашган. Бу ҳақда Ал-Суданий ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, томонлар суҳбат чоғида давлатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, қўшма ҳамкорликни ривожлантириш йўллари, шунингдек, минтақадаги вазият, Сурия воқеаларидаги ўзгаришлар, хавфсизликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган минтақавий ва халқаро саъй-ҳаракатлар ҳамда бутун минтақани барқарорлаштириш масаласини муҳокама қилган.
Билдирилишича, Ал-Суданий Ироқ Суриядаги ўтиш босқичини бошқариш учун масъуллардан сўз эмас, ҳаракат кутаётганини таъкидлаган. Шунингдек, у Сурия ҳудудига ҳеч бир томондан ҳужумга йўл қўймаслик зарурлигини айтиб, бу минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид эканини қайд этган.
Ўз навбатида, Блинкен АҚШнинг Ироқ томони билан Сурия халқининг танловига ҳурмат кўрсатиш ва Сурия халқининг хоҳиш-иродаси ва турли томонларни акс эттирувчи кенг қамровли ҳукуматни шакллантириш зарурлиги тўғрисида келишувга эришганини билдирган.
“Йиғилишда Ғазодаги воқеалар, урушни тўхтатиш учун ҳаракатлар давом этишининг аҳамияти ва Ливандаги ўт очишни тўхтатиш режимини барқарорлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга урғу берилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқарада Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен учрашиб, Сурияда Башар Асад режими ағдарилгандан кейинги ўтиш даври, мамлакатдаги сиёсий жараён ва Ғазода мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш келишуви бўйича масалаларни муҳокама қилган эди.