Бизни яхши кўрадиганлар ҳам, кўролмайдиганлар ҳам кўп – Президент (видео)
Жамият
−
22 Январь 2020
6804Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатни олдинда катта хавфлар кутиб турган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирди.
Одатда давлат раҳбари ўз нутқларида дунёнинг бошқа минтақалари, жумладан Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувларга тўхталиб, муносабат билдирмас эди. Президент бу ҳақда расман 20 январь куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида гапирди. Давлат раҳбари мамлакатлар ўртасидаги савдо урушларининг Ўзбекистонга бўлган салбий ва ижобий таъсирига тўхталди.
“Биз кўп нарсага эришдик, лекин ташқи сиёсатда бизда энди муаммолар пайдо бўлади. Нимага муаммолар? Тўғри тушунинглар, бизни яхши кўрадиганлар ҳам кўп, кўролмайдиганлар ҳам кўп пайдо бўлади бундан буёғига. Шунинг учун жуда усталик билан, ҳар бир гапимизни ўйлаб, чертиб-чертиб... Шошилмаслигимиз керак. Энди шошилишга ҳақимиз йўқ. Хато қилишга тўрт кара ҳақимиз йўқ”, дейди Президент.
Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Содиқ Сафоев номзодини илгари суриб, Сафоевнинг халқаро муносабатларда катта тажрибаси борлиги ва ким билан қандай муносабат ўрнатишни билиши, бундан буён Сенатда ҳам халқаро муносабатлар устувор масала бўлишини айтди.
“Олдимизда турган жуда катта хавф-хатарлар бор. Мен сизларга очиғини айтмоқчиман. Кўп давлатлар билан парламентлараро ҳамкорлик бўйича жуда катта шартномаларга қўл қўйилди. Уларни амалда бажариш керак. Шартнома – бу қоғоз. Лекин миллатимизни, парламентимизни манфаатини кўзлайдиган шартномани амалда бажаришимиз керак. Бунинг учун шу нарсаларни биладиган етук жамоа керак.
Бу лавозимга ҳозир Содиқ Солиховичдан бошқа муносиб номзод йўқ, десак бу ҳам адолатдан бўлади”, дейди Шавкат Мирзиёев.