Бизнеснинг электр ва газ учун олдиндан тўлови 15 фоизга туширилади

Жамият

image

Ўзбекистонда АСКУЭ ва АСКУГ тизимига уланган, тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун аванс 15 фоиз бўлади. Бу ҳақда бугун, 18 август куни Президентнинг Хивада бўлиб ўтаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.

Қайд этилишича, кўп тадбиркорлар электр энергияси ва газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилиш айланма маблағни қисқартираётганини билдирган. Энди АСКУЭ ва АСКУГ тизимига уланган, тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун аванс 15 фоиз бўлади.

“Умуман, энергетика бўйича бошқарув тизимини тубдан ўзгартиряпмиз. Барча туманларда тадбиркорларнинг ҳозирги эҳтиёжи ва эртанги режасига қараб ишлайдиган янги тизим бўлади”, дейди Президент.

Келаси йилдан қурилиш соҳасида пудратчи ва лойиҳачилар ўсишини рағбатлантирадиган янги ёндашув жорий этилади. Қурилиш қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ишчи-соат учун энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида маблағ режалаштирилади.

Давлат объектлари сметасида пудрат корхоналари учун 7 фоиз фойда кўзда тутилади. Қурилиш мураккаблигига қараб лойиҳалаш ишларига объект қийматининг 4-7 фоизигача маблағ ажратилади.

Давлат раҳбари учинчи йўналиш сифатида “сунъий интеллект – бошқарув самарадорлиги – янги инвестициялар” экотизимини яратиш вазифасини белгилаган.

“Бугун қайси тадбиркор қўшилган қийматни кўпайтирса, сунъий интеллект ёрдамида унумдорликни оширса, таннарх бўйича изланса, эртанги бозор уники”, дейди Президент.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг