Бизнесга жарима қўллайдиган масъулларнинг дунёқараши ўзгариши зарур – Президент
Жамият
−
22 июл 4221 2 дақиқа
Ўзбекистонда тадбиркорларга жарима қўллайдиган ташкилот масъулларининг онги, дунёқараши ўзгариши зарур. Бу ҳақда кеча, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз очди.
“Одамлар бизнесини бошлаб, экспортга чиқиши учун ҳамма шароитни қилиб беряпмиз. Яна нима қилсак, бизнесга янги йўллар очилади, деган савол ҳар бир раҳбарни қийнаши керак. Масалан, ҳозир 51 та вазирлик ва идорада 322 та йўналишда молиявий жарима қўллаш ваколати бор. Энди савол туғилади: қайси раҳбар жарималарнинг тадбиркорлар фаолиятига таъсирини ўрганаяпти? Биз жарима солган билан, уни ишлатмасдан қолганимиз билан нечта одам ишсиз бўляпти? Қанча экспорт бўлмаяпти? Қанча ишлаб чиқариш бўлмаяпти? Жарима солган одамлар тушунадими буни?” дея савол қўйган Ўзбекистон етакчиси.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев жарима қўллайдиган ташкилот масъулларининг онги, дунёқараши ўзгариши зарур эканини айтиб, тадбиркорга имконият бериб, тўғри йўл кўрсатиш лозимлигини билдирган.
“Жарима қўллайдиган ташкилот масъулларининг онги, дунёқараши ўзгариши зарур. Улар бирданига жазо қўллашни эмас, балки тадбиркорга имконият бериб, тўғри йўл кўрсатишни ўрганиши зарур. Ташқи бозорда рақобат авжига чиқаётган пайтда таннархни бир фоизга туширишнинг ўзи бўладими? Лекин ишлаб чиқарувчи ва экспортчилар учун тўлов ва йиғимни камайтириш бўйича ким таклиф берди? Ёки кўплаб тадбиркорлар айрим маҳсулот ва хомашёга қўйилган адолатсиз божлар ишлаб чиқаришдан кўра импортни рағбатлантиряпти деган масалани кўтаряпти. Масалан, саноат фильтри импортига бож ноль фоиз, уни ишлаб чиқаришга кетадиган ўн битта хомашёга эса ўттиз фоизгача бож қўйилган. У ҳеч қачон бир-икки бўлмайди-ку бунақада” дейди Президент.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси бир ҳафта ичида тизимдаги бюрократияни қисқартириш, жарима, тўлов ва йиғимларни кескин камайтириш, бизнес муҳитини яна-да яхшилаш бўйича таклифларини администрацияга киритиш бўйича топшириқ берган.
“Нима учун Хаджаев, Пўлатов, Мавлонов тадбиркорларнинг экспорт бўйича умидсиз қарзини ҳисобдан чиқариш масаласини тез-тез ҳал қилиб бермайди? Ҳозир уч ойдан олти ойгача чўзиляпти. Бир ойдан кейин тадбиркорлар билан бўладиган очиқ мулоқотга қаттиқ тайёргарлик кўряпмиз. Барча вазир, тармоқ раҳбарларига топшириқ: бир ҳафта ичида тизимидаги бюрократияни қисқартириш, жарима, тўлов ва йиғимларни кескин камайтириш, бизнес муҳитини яна-да яхшилаш бўйича таклифларини администрацияга киритсин, ўзим ўқийман. Ҳар бир таклифни бирма-бир ўқиб чиқаман. Шунга қараб раҳбарларга бугунги сиёсатимизни қанчалик тушуниб етганига баҳо бераман”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Live
Барчаси