“Бизга муддати ўтган Президент керак эмас” – Петербургда Путинга қарши намойишлар бўлиб ўтди
Олам
−
16 Март 2020
14107Кеча, 15 март куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Конституция жанозаси” номли акция ўтказилди. У Конституцияга Россия Президенти Владимир Путиннинг президентлик муддатига оид ўзгартириш киритишга қарши ўтказилди. Намойиш қатнашчилари Конституцион суд биноси олдига гул қўйишга келди.
Намойиш қўлга олишлар билан якунланди. Полиция ходимлари маҳаллий депутат Алексей Касаткинни ҳам ҳибсга олди. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи “ОВД-Инфо” лойиҳаси маъумотига кўра, жами 25 киши қўлга олинди.
Депутат Алексей Касаткин Конституцион суд олдида Александр Галич шеърини ўқиган, сўнг қўлга олинаётгн намойишчиларни ҳимоя қилишга уринган. Шундан кейин депутат ўзи ҳибсланган. Унинг қўлга олинишини бошқа бир депутат Максим Резник тасвирга олган.
Депутат ўзини таништириб, гувоҳнома кўрсатгани билан полиция уни инобатга олмай, ўз ишида давом этган. “ОВД-Инфо” маълумотига кўра, қўлга олинганларни учта турли полиция бўлимига олиб кетишган. Намойиш вақтида “Очиқ Россия” мухолиф ташкилоти раиси Анастасия Буракова ҳам ҳибсга олинган.
Буракованинг ўзи 1993 йилдаги Конституция хотирасига гул қўймоқчи бўлганида қўлга олинганини маълум қилган.
“Бу учинчи ёдгорлик: бунгача Конситиуцион суд олдига қўйилган гул ва Конституцияни икки марта формасиз кимсалар вайрон қилди”, деган Буракова.
Намойишчилар гул қўйганидан кейин Конституцион суд қаршисидаги император Пётр I ҳайкали олдида якка тартибли пикет бошлаган. Намойишчиларнинг қўлидаги плакатларда қуйидаги шиорлар битилганди:
“Конституциядаги ўзгартиришларнинг ҳаммаси инсон учун, инсон фаровонлиги учун. Биз ҳатто у одамнинг исмини ҳам биламиз”;
“Муддатни нолга тенглаштириш – ҳокимият узурпацияси”;
“Сиёсий маҳбусларнинг муддатини нога тенглаштиринг”;
“Бизга муддати ўтган Президент керак эмас”;
“Нолга тенглаштирилган Путин – эртанги қоронғулик кафолати”.
Қўлга олинганлар орасида “Наблюдатели Петербурга” жамоат ташкилоти мувофиқлаштирувчиси мария Молдавская ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 март куни Россия Президенти Владимир Путин Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Эндиликда ҳужжатни Россия Федерацияси Конституциявий судига кўриб чиқади ва бутун қонун умумхалқ тасдиғидан ўтиши керак бўлади.