Биз урушга тайёрланяпмиз – Лукашенко

Олам

−

image

Беларусь урушга тайёрланяпти, аммо уни ҳар томонлама олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат резиденти Александр Лукашенко бугун, 22 октябрь куни Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов билан учрашувда сўз очди.

Лукашенко Россия Минскнинг Иттифоқ давлати чегараларини қўриқлаш бўйича мажбуриятлари юзасидан хавотирланмаслигини айтган. Шунингдек, Беларусь армиясининг тайёргарлиги ташқи томондан юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий тажовузнинг олдини олишга йўналтирилганини билдирган. 

“Биз урушга тайёрланяпмиз, аммо уни ҳар томонлама олдини олишга ҳаракат қиляпмиз. У на бизга, на сизга керак. Лекин уруш юз бермаслиги учун унга тайёр бўлиш керак. Шу сабабли ғарбий йўналишдаги қўшма гуруҳимиз доимо зарур бўлади. Бугун у жанговар шай ҳолатда“, дейди Александр Лукашенко.

Шунингдек, у иттифоқ давлати периметри ҳамда Украина ва Ғарб мамлакатлари билан чегаралар бўйлаб турли техник воситалар ёрдамида назоратни ташкил этишда кўрсатган ёрдами учун Россия томонига миннатдорлик билдирган.

“Украинадаги можаро ҳисобга олинса, сизларда радиолокация станциялари ва шунга ўхшаш воситалар жуда ривожланган. Президент Путин билан яқинда учрашганимизда бу мавзуни муҳокама қилган эдик. У яхши иш қилди, ёрдам беришга ваъда берди. Бу нарсалар бизга зарурлигини кўриб турибмиз ва чегара бўйлаб бутун ҳудудни назорат қиламиз”, деган Лукашенко.

Беларусь Мудофаа вазири Виктор Хрениннинг айтишича, “Иттифоқ қалқони – 2027” ҳарбий машғулотлари давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини биргаликда ҳимоя қилишдаги қатъият ва қобилиятни намойиш этиш учун мўлжалланган бўлади ва машқлар фақат мудофаа характерида ўтказилади.

Бундан ташқари, учрашув давомида Россия Мудофаа вазири халқаро кун тартибининг ёмонлашаётгани ҳақида баёнот берган.

“Халқаро вазият ёмонлашишда давом этмоқда. У ҳамон мураккаб. Вазият нафақат мураккаб, балки тобора олдиндан айтиб бўлмайдиган бўлиб бормоқда”, дейди Белоусов.

Шунингдек, у НАТО мамлакатлари ўз ҳарбий иштирокини мамлакатлар чегаралари яқинида кучайтираётганини маълум қилган. Андрей Белоусовнинг айтишича, 2027 йилда альянс шарқий қанотдаги саккизта кўп миллатли батальон-тактик гуруҳни бригада даражасига етказишни режалаштирмоқда. Шунингдек, альянс Россия Федерацияси ва Беларусга қарши ҳужумкор сценарийларни машқ қилишга қаратилган ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда.

“Буларнинг барчаси ҳарбий-сиёсий вазиятдаги ўзгаришларга ўз вақтида жавоб қайтаришни, хавфсизликни таъминлашдаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни ва унинг ҳарбий салоҳиятини оширишни талаб қилади. Шу мақсадда қуролли кучлардан биргаликда фойдаланиш ёндашувларини такомиллаштирмоқдамиз”, дея изоҳлаган Белоусов Москва ва Минск ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик заруратини.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Александр Лукашенко кенжа ўғли Николай мамлакат армиясида ҳарбий хизматни ўтаётганини айтган эди.

Жасмина Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг