Биз ҳеч қачон ядро қуроли ишлаб чиқишга интилмаганмиз – Пезешкиён
Олам
−
14 Ноябрь
2451Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Теҳрон ҳеч қачон ядро қуролини ишлаб чиқишга интилмаслигини билдирди. Бу ҳақда у Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси билан учрашувда айтиб ўтди.
“Олий раҳбарнинг фатвоси асосида биз ҳеч қачон ва ҳеч қандай йўл билан ядро қуролини яратишга ҳаракат қилмадик ва қилмаймиз, ҳеч кимга бу сиёсатдан четга чиқишга рухсат берилмайди”, деган Президент.
Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳар доим ядро дастурининг тинч мақсадлар учун эканлигини исботлашга тайёр. У, шунингдек, агентлик билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини ва мамлакатларнинг тинч ядро фаолияти билан боғлиқ барча шубҳаларни ўринсиз эканини эслатди.
“Биз ўзаро ҳамкорлик қилиш ва яқинлашишга доимо тайёрмиз”, дея қўшимча қилди Эрон Президенти.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ Эроннинг ядро дастури бўйича келишувларни бузмоқда.
“Халқаро атом энергияси агентлиги ҳисоботларига кўра, биз ўзимизнинг барча мажбуриятларимизни бажариб келмоқдамиз, аммо айнан АҚШ 2018 йилда бу келишувдан бир томонлама чиқиб, бу жараённинг давом этишини чеклаб қўйди”, деган Пезешкиён.
Маълумот учун, 2003 йилдан бери Эроннинг олий диний раҳбари томонидан ядро қуролини ишлаб чиқариш тақиқланган фатво чиқарилган. Эрон сиёсатчилари буни ўзларининг миллий ядро дастурининг тинчлик мақсадлари борлигига ишонч ҳосил қилиш учун асос сифатида келтиради.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) аъзолари барча томонларни Эрон ядровий дастури бўйича қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси қоидаларини амалга оширишга қайтишга чақирганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь