“Korean and migrations"дан жабр кўрганларга пуллари қачон қайтарилади? ИИВ расмийси жавоб берди
Жамият
−
24 Февраль 2020
49582019 йилнинг 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Korean and migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖга берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этувчи 0010-сонли лицензияни тўхтатганини ҳақида хабар қилган эди.
Бугун, 22 февраль куни шу мавзу юзасидан ОАВ учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этаётгани, Ўзбекистонда 2385 кишини 24,8 млрд сўм пулга чув туширган хусусий бандлик агентлиги фаолиятига чек қўйилгани қайд этилди.
Бугун, 24 февраль куни ИИВ Интерполь бюроси биноси олдига “Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан жабрланган фуқаролар тўпланди. Улар иш қайси жараёнда экани ва маблағлари қай тартибда қайтарилиши борасида мурожаат қилишган. Фуқаролар билан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг ўринбосари Ойбек Қулбеков учрашиб, иш назоратда экани, бундан ташқари тергов жараёни якунига етиши билан барчага пуллари қайтарилиши ҳақида тушинтириш берган.
Жабрланувчилардан кўплари “Human” хусусий бандлик агентлигидан жабрланганларга пул маблағлари қайтарилгани, улар ҳам ана шу тартибда тезроқ қайтаришларини сўрашган. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари Ойбек Қулбеков қуйидагича жавоб берган.
“Human” хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда мазмунан кўриб чиқилиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мавжуд бўлгани учун фуқароларимизга етказилган зарарни қоплаш масаласи ҳал этилди. Худди шу тартибда “Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖга нисбатан жиноят иши бўйича дастлабки тергов харакатлари тамомланиш арафасида. Биз жиноят иши бўйича терговни якунлаяпмиз ва айбланувчиларни таништирамиз, суд муҳокамасига юборамиз”, дейди Ойбек Қулбеков.
QALAMPIR.UZ мазкур масала бўйича ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари Ойбек Қулбеков билан атрофлича суҳбатлашган. Интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси