Битирувчиларни ишга олган тадбиркорларга солиқ имтиёзи берилади
Жамият
−
14:43 712 2 дақиқа
Ўзбекистонда олийгоҳ битирувчисини ишга олган тадбиркорга ёш мутахассис учун даромад ва ижтимоий солиқ бир йил ичида 1 фоиз этиб белгиланади. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув чоғида эълон қилди.
Шунингдек, бугунги кунда ижтимоий реестрга кирмаган, бироқ ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ҳарбий хизматни ўтаб қайтган, меҳнат миграциясидан қайтган, жазони ўтаб чиққан ҳамда ногиронлиги бўлган яна 1 миллион нафар ёш борлиги таъкидланган. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Кафолатланган биринчи қадам” пакети жорий этилади.
Мазкур пакет доирасида “устоз–талаба” дастури асосида уюшмаган ёшларни ўқитиб, уларнинг олийгоҳларга киришига кўмаклашган талабаларга магистратурага киришда қўшимча балл берилади ҳамда давлат стипендияларини олишда устуворлик яратилади.
Президент савдо, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида ўз брендини яратган ёш тадбиркорларни тенгдошларига бизнес юритишни ўргатишга чақирган. Шу мақсадда “Ёшлар мини-франшизаси” дастури ишга туширилади.
Дастур доирасида фаолиятини кенгайтираётган ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда ер участкалари ва кредитлар ажратилади. Маҳаллий брендлар франшизасини оладиган йигит-қизларга эса Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси ҳисобидан 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади.
Ушбу дастурларни молиялаштириш учун 500 миллиард сўм йўналтирилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда касб ўрганувчи ёшлар учун фоизсиз ссуда шаклида “касб ваучери” берилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси