Россиядан узилган Пашинян, вирусланган Конго ва ЖЧнинг машмашалари — WEEKEND

Таҳлил

11 июнь, Ацтека стадиони, узоқ ва интизорлик билан кутилган футбол бўйича Жаҳон чемпионати бошланди. Ўзбекистон терма жамоаси учун биринчи бўлган ушбу мундиал ҳали бошланмасиданоқ кутилмаган ва унутилмас воқеаларга бой бўлди. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлиги остида кечаётган ушбу турнир атрофида содир бўлаётган воқеаларни кузатар экансиз, “шунақаси ҳам бўлиши мумкин эканда”, деб беихтиёр ҳайратга тушишинггиз аниқ. Хўш бу галги чемпионатнинг дастлабки кунлари қандай ўтди?

СССР парчалангач, янги пайдо бўлган давлатларнинг кўпчилиги турли соҳаларда Россияга суяниб қолган эди. Аммо Москванинг ишончни суиистеъмол қилиши, ҳамкорларига “катта оға” кўзи билан қараши, дўстларини ундан узоқлаштирмоқда. Арманистон ҳам Кремлга ишониб панд еган давлатлардан бири ва ўтмишдан олган хулосаларига таянган ҳолда бугун амалдаги ҳукумат Ғарбга суянишни афзал кўрмоқда. Яқинда бўлиб ўтган сайлов натижалари эса ҳукуматнинг танлаган йўли тўғри эканлигини кўрсатяпти. Энди Ереван Москвадан юз ўгирадими?

Айтишларича, антик даврда спорт ўйинлари вақтида энг катта урушлар ҳам тўхтатилиб, душманлар сулҳлар тузишган экан. Аммо бугунги “ривожланган” давлатларнинг талашаётган нарсаси шу қадар жиддийки, ҳатто дунёда байрам каби нишонланувчи Жаҳон чемпионати ҳам уларни қон тўкишдан тўхтатиб туролмаяпти. Яна АҚШнинг Эронга ҳужумлари ва 39-марта тинчликка ўрнатишга уриниш. Эски урушда нима янгиликлар?

Жаҳон чемпионати сиёсатчилар қўлида

Нафақат ушбу ҳафтанинг, балки бутун йилнинг энг муҳим воқеларидан бири шубҳасиз 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатидир. Ниҳоят 11 июнь куни бутун дунё интизорлик билан кутган катта турнир старт олди. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтаётган тарихдаги илк 48 жамоали мундиаль айниқса Ўзбекистонлик футбол ихлосмандлари учун янги даврни бошлаб берди. Негаки, Ўзбекистон терма жамоаси Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб Жаҳон чемпионатида тўп сурувчи гуруҳга айланди.

Бироқ турнир бошланишидан олдин юзага келган сиёсий ва ташкилий можаролар, айрим давлатлар вакилларига нисбатан қўлланган кескин назорат чоралари ҳамда иммиграция билан боғлиқ баҳслар ана шундай хурсандчилик кунларда ҳам кўнгилни хира қилади.
Жаҳон чемпионатининг илк очилиш маросими Мексика пойтахтидаги афсонавий Ацтека стадионида бўлиб ўтди. Ҳар бир Жаҳон чемпионатида бўлгани каби Мексикадаги очилиш маросимида улкан гала-концерт ташкил этилди. Очилиш маросимида колумбиялик юлдуз Шакира ҳамда нигериялик санъаткор Бурна Бой турнирнинг расмий қўшиғи “Даи Даи”ни ижро этди. Шунингдек, қатор маҳаллий юлдузлар: Ж Балвин, Тайла, Алехандро Фернандес, Белинда, Мана, Лос Ангелес Азулес ва бошқа машҳур ижрочилар саҳнага чиқди.

FIFA ҳар доим мундиалларнинг очилиш маросимига шунчаки шоу сифатида эмас, балки мезбон давлатларнинг маданиятини дунёга намоён этувчи байрам сифатида қарайди. Аммо бу галги тадбир томошабинларнинг қатор эътирозларига сабаб бўлмоқда. Кўпчиликнинг фикрича, маросим кўпроқ мусиқий фестивални эслатган ва футбол иккинчи планга тушиб қолган.

Балки шу сабаб ҳам, FIFA шиори айнан “Футбол дунёни бирлаштиради”, бўлса керак.

Мундиалнинг илк ўйини ҳам айнан Ацтека стадионида бўлиб ўтди. Шу вақтгача кўплаб очилиш ўйинларида ўйнаган, лекин ғалаба қила олмаган Мексика бу сафар Жанубий Африка Республикасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Турнир тарихидаги илк голга Ҳулиан Кинёнес муаллифлик қилган бўлса, тажрибали ҳужумчи Раул Хименес иккинчи голни уриб, мезбонларга ишончли ғалабани тақдим этди. Шу тариқа Мексика мундиални ўз уйида муваффақиятли бошлади.

Биринчи куннинг иккинчи учрашуви Гвадалахарада бўлиб ўтди. Жанубий Корея терма жамоаси Чехияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Чехлар Ладислав Крейчи орқали ҳисобни очган бўлса-да, кореяликлар Хван Ин Бом ва захирадан майдонга тушган О Хён Гю голлари эвазига камбэк амалга оширди. Натижада Осиё вакили гуруҳдаги муҳим 3 очкони қўлга киритди.
Бу йилги Жаҳон чемпионати нафақат очилиш маросими ёки янги жамоаларнинг ёрқин ўйини билан, балки сиёсий можаролар фонида юзага келган баҳсли вазиятлар билан ҳам эсда қоладиган кўринади.

Энг кўп мунозараларга сабаб бўлаётган мавзу шубҳасиз Эрон билан боғлиқ. АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар сўнгги ойларда янада кескинлашгани фонида Теҳрон мундиалда иштирок этиш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келди. Дастлаб Эрон Спорт вазири Аҳмад Донямали, ҳатто мамлакат терма жамоасининг Жаҳон чемпионатида қатнаша олмаслиги мумкинлигини айтганди. Бунга АҚШ ҳудудида хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар ва икки давлат ўртасидаги сиёсий зиддиятлар сабаб қилиб кўрсатилди.

Вазият янада мураккаблашганидан сўнг, Эрон томони FIFA’га мурожаат қилиб, жамоа ўйинларини АҚШдан ташқарида ўтказишни сўради. Гарчи Мексика ҳукумати ҳам бундай вариантни мақуллаган бўлса-да, FIFA тақвимни ўзгартирмади ва Эрон гуруҳ босқичидаги барча учрашувларини АҚШ шаҳарларида ўтказадиган бўлди.

Бундан ташқари Эрон делегациясининг айрим аъзолари АҚШ визасини ҳам ололмагани айтилмоқда. Хусусан, федерациянинг бир қатор юқори лавозимли вакиллари ва маъмурий ходимларига мамлакатга киришга рухсат берилмади. Эрон Футбол федерацияси бу ҳолатни спортга сиёсатнинг аралашуви сифатида баҳолади ва Вашингтонни камситувчи сиёсат юритишда айблади. АҚШ томони эса муаммо футболчиларда эмас, балки делегация таркибидаги айрим шахсларнинг фаолияти ва хавфсизлик билан боғлиқ масалаларда эканини билдирди.

“Эрон ўз делегацияси таркибига спортга ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлган ҳамда Эрон Ислом инқилоби муҳофазачилари корпуси ёки шунга ўхшаш тузилмаларга алоқадор бўлган бир гуруҳ одамларни киритиб олишларига асло йўл қўймаймиз. Шунинг учун биз буни жуда диққат билан кузатиб борамиз”, – деди АҚШ Давлат котиби Марко Рубио.

Бундан ташқари Эрон терма жамоасининг машғулот базаси АҚШнинг Аризона штатидан Мексикага кўчирилди. Маълум қилинишича, энди ҳар бир ўйиндан кейин эронлик футболчилар самолётда Мексикага қайтишга мажбур. Терма жамоа вакилларида виза бўлсада, Теҳрон ҳукумати уларнинг хавфсизлигини рўкач қилиб, АҚШга фақат ўйин учун киришга рухсат этилди.

Нафақат футболчи ёки ҳакамлар, балки Эронлик мухлислар ҳам қатор қийинчиликларга дуч келди. Федерация маълумотларига кўра, мухлислар учун ажратилган айрим чипталар турнир очилишидан бир неча кун олдин бекор қилинган. Қисқа қилиб айтганда, Яқин Шарқдаги урушнинг садоси АҚШдаги футбол\соккер стадионларигача етиб келмоқда.

Эроннику тушунса бўлади, аммо сомалилик ҳакамда нима айб? Жаҳон чемпионати арафасидаги яна бир энг шов-шувли воқеа сомалилик ҳакам Омар Абдулқодир Артаннинг Америкага киритилмагани бўлди. 34 ёшли рефери тарихда Жаҳон чемпионатида фаолият юритган илк сомалилик ҳакам бўлиши мумкин эди. FIFA уни мундиалнинг асосий 52 ҳаками рўйхатига ҳам киритган эди.

Бироқ Артан АҚШга етиб келганидан сўнг, мамлакатга киритилмади ва ортга қайтариб юборилди. Расмий сабаблар тўлиқ очиқланмаган бўлса-да, воқеа АҚШнинг айрим давлатларга нисбатан қўллаётган иммиграцион чекловлари билан боғланмоқда. Натижада Артан ўз фаолиятидаги энг катта мусобақада ишлаш имкониятидан маҳрум бўлди.

Мазкур воқеа халқаро футбол жамоатчилигида катта норозилик уйғотди. Ижтимоий тармоқларда FIFA ва унинг амалдаги раҳбарияти ҳам танқид остида қолди. Кўпчилик ташкилот дунёнинг энг йирик футбол мусобақасида ишлаши керак бўлган ҳакамнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаганини таъкидлади.

Шу билан бирга, бошқа бир қатор терма жамоалар ҳам АҚШ ҳудудига киришда ноодатий текширувларга дуч келгани ҳақида видеолар тарқалди. Хусусан, Ўзбекистон терма жамоаси делегациясининг текширувдан ўтказилгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Видеоларда футболчилар ва мураббийлар штаби аъзоларидан телефонларини топширишган, чўнтакларини бўшатиб ва ҳатто сумкаларини очиб жиноятчиларни текширган каби махсус итлар ёрдамида текширувдан ўтказилган.

Бу ҳолат ўзбекистонлик мухлисларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Айниқса, бошқа айрим Европа жамоаларига нисбатан бундай чоралар қўлланмагани ҳақидаги иддаолар баҳсларни янада кучайтирди. Интернетда “Улар футболчилар, жиноятчилар эмас” мазмунидаги фикрлар кенг тарқалди.

Бироқ Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб, бу одатий хавфсизлик текширувлари бўлиб, Жаҳон чемпионатига келган кўплаб делегациялар шундай назоратдан ўтганини айтган.

Шунга қарамай, Сенегал, Ироқ ва Белгия терма жамоалари вакиллари ҳам қўшимча текширувларга дуч келгани ҳақидаги хабарлар танқидларни тўхтатмади. Айрим экспертлар бундай муҳит футболчиларнинг руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтмоқда.

Аслида, хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши бугунги геосиёсий вазиятда тушунарли. Бироқ танқидчиларга кўра, Жаҳон чемпионатига келаётган футболчилар ва расмий делегациялар оддий саёҳатчилар эмас. Улар ФИФА аккредитациясига эга бўлган профессионал спорт вакиллари ҳисобланади. Шу сабаб айрим давлатлар делегацияларига нисбатан қўлланаётган кескин назорат чораларини кўпчилик ортиқча деб ҳисобламоқда.

"АҚШда бўлиб ўтаётган бу ФИФА Жаҳон чемпионати бошланишидан олдин ҳам энг ёмон турнирга айланиб бормоқда! Бу шундай бўлиши керак эмас", деди Англия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Стивен Жеррард.

Шундай бўлса-да, ҳали байрам олдинда. Ўзбекистон терма жамоаси мундиалдаги илк ўйинларини ўтказиш арафсида турипди.

  • 18 июнь Тошкент вақти билан соат11:00 да – Ўзбекистон ва Колумбия билан ўйнайди.
  • 23 июнь Тошкент вақти билан 00:00 да  – Португалия ва Ўзбекистон турнирдаги муҳим очколар учун кураш олиб боради.
  • 27 июнь Тошкент вақти билан 06:30да – Ўзбекистон ўзининг гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинини Конго ДР қарши ўтказади.

Ўзбекистон терма жамоасига QALAMPIR.UZ жамоаси томонидан омад тилаймиз.

Пашиняннинг қалтис ўйини

Арманистонда 7 июнь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари нафақат мамлакатнинг ички сиёсати, балки бутун Жанубий Кавказ минтақасининг келажакдаги сиёсий йўлини белгилаб берди дейиш мумкин. Сайлов натижаларига кўра, Бош вазир Никол Пашинян бошчилигидаги “Фуқаролик шартномаси” партияси 49,8 фоиз овоз олиб, парламентдаги кўпчиликни сақлаб қолди. Унинг асосий рақиби – Россияга яқин позициядаги “Кучли Арманистон” блоки эса 23 фоиздан ортиқ овоз тўплади.

Мазкур сайлов кўплаб экспертлар томонидан Арманистоннинг геосиёсий танлови бўйича референдум сифатида баҳоланмоқда. Сўнгги йилларда Пашинян ҳукумати мамлакатни аста-секин Россия таъсиридан узоқлаштириб, Европа Иттифоқи ва АҚШ билан яқинроқ ҳамкорлик қилиш сиёсатини олиб бораётган эди. Айниқса, 2023 йилда Тоғли Қорабоғ устидан назоратнинг тўлиқ Озарбайжонга ўтиши ва Кремлнинг Ереванга кутилган даражада ёрдам бермагани арман жамиятида Москвага нисбатан ишончсизликни кучайтириб юборди.

Тарихдан хулоса чиқарган Арманистон аввалига Рим статутини қабул қилган бўлса, кейинчалик, Франция ва АҚШ билан ҳарбий иттифоқчилик алоқаларини бошлаб юборди. Россиянинг манфаат зоналарини қисқартириш илинжида АҚШ ҳам ушбу кичиккина тоғли давлатга кенг имкониятлар яратиб, тез фурсатда муносабатларни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасигача олиб чиқди.
АҚШ таъсирига тушиб қолмаслик учун Пашинян бир пайтнинг ўзида Европа давлатлари билан ҳам яқинлашиш йўлини танлади. 2025 йил 26 март куни Миллий Ассамблея мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини қонуний равишда бошлаш ва буни расмий кун тартибига киритишни кўзда тутувчи "ЕИга интеграция тўғрисида"ги қонун ҳужжатини қабул қилди.

Шу йилнинг ўзида ҳам Арманистон ЕИънинг қатор йиғинларига мезбонлик қилди. Хусусан, Европа Сиёсий Ҳамжамияти Саммити ва "ЕИ – Арманистон" Олий Даражадаги Саммити каби расмий тадбирлар Ереваннинг Европа томон илдам қадам ташлаётганининг яққол намунасидир.

Сайлов натижалари эса Пашинян танлаган ушу сиёсий йўл халққа мақул келганидан дарак бермоқда. Гарчи, Россиядан узулиш Арманистон каби кичик ва аҳолиси ҳам ниҳоятда камгина давлат учун оғриқли бўлса-да, Ғарбнинг қўллови билан бу вазиятдан чиқиб кетишга умид қилинмоқда.

“Мен яна бир нарсани айтмоқчиман. Сиёсий ва ижтимоий жараённинг барча иштирокчиларига мурожаат қилмоқчиман. Арманистон халқи ўз қарорини қабул қилиб бўлди; Арманистон халқи янги сиёсий вазиятни яратди”, дейди Бош вазир сайловдан кейинги нутқида.

Қисқа қилиб айтганда, Арманистондаги сайлов оддий ҳокимият учун кураш эмас эди. Бу мамлакатнинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги стратегик танлови, Озарбайжон билан тинчлик истиқболлари ҳамда Россиянинг минтақадаги келажакдаги ролига оид муҳим саволларга жабоб бўлди.

39-марта "тинчлик яқин"

Яқин Шарқ майдонида мантиқсиз уруш давом этмоқда. Бу гал АҚШ тинчлик сулҳига чорлаш учун Эронга баллистик ракеталар билн ҳужум қилди. 10 июнь куни АҚШ Марказий қўмондонлиги Эрон ҳудудидаги бир нечта нишонга 49 та "Tomahawk" қанотли ракетаси билан зарба берди. Киш, Сирик, Бандар-Аббос, Исфаҳон, Караж каби шаҳарлар асосий нишон остида бўлган.

АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет эса ушбу зарбаларнинг мақсади урушни кенгайтириш эмас, балки келишувга эришиш учун шароит яратиш эканлигини таъкидлади.

Эрон ҳам қўлидан келганича жавоб қайтарди, Қувайт, Иордания ва Баҳрайиндаги АҚШ ҳарбий базаларига ракета зарбаси берилди. "Ҳизбуллоҳ" Исроилга ҳужум бошлади. Ҳормуз эса тўлиқ ёпиб қўйилди.

11 июнь куни Трамп "Truth Social" тармоғида режалаштирилган янги зарбалар бекор қилинганини эълон қилиб, Эрон билан музокараларда "муҳим келишувга" эришилганини маълум қилди. Ҳа, яна.

Трампнинг айтишича, АҚШ, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар, Туркия, Миср ва бошқа давлатлар келишувнинг асосий бандларини маъқуллаган. Бироқ, якуний келишув имзоланмагунча денгиз блокадаси сақланиб қолади.

Эрон томон эса доимгидек, ҳали ҳеч қандай сулҳ ҳаракатлари бўлмаганини маълум қилиб, ўзларининг навбатдаги 14 бандлик тинчлик келишуви лойиҳасини эълон қилди. Ушбу режа таркибидан асосан, Ливандаги урушни тўхтатиш, нефть ва ядро қуроли масаласидаги санксийларни бекор қилиш, блокадани очиш ва 300 миллиард долларлик компенсация к.абилар ўрин олган.

CNN ҳисобига кўра, Трампнинг ушбу “хушхабар” уруш бошлангандан бери 39-марта "келишув икки-уч кунда имзоланади" мазмунидаги берилган сохта баёнот экан. Аммо бу галгисининг бошқаларидан бир фарқли жиҳати, бунга Покистон бош вазири ҳам аралашганидир. 12 июнь куни Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик шартномаси матни томонлар ўртасида келишиб олингани ҳақида пост жойлади.

Биз тинчлик бўйича якуний келишилган битим матни тайёр бўлганини тасдиқлашимиз мумкин. Ҳозирда Покистон кейинги қадамларни якунлаш учун ҳар икки томон билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”, дейди Шариф.

Бу воқеа ортидан Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳам Х ижтимоий тармоғида Теҳрон ва Вашингтон меморандум тузишга яқин эканини маълум қилган.

“Исломобод билан ўзаро англашув меморандуми ҳеч қачон бу қадар яқин бўлмаган эди. Меморандум якуний тасдиқлангунга қадар ОАВ турли тахминлардан тийилиб туриши мақсадга мувофиқ. Барча тафсилотлар белгиланган муддатда жамоатчиликка эълон қилинади, деб ёзди Ароқчи.

Геосиёсий нуқтаи назардан қараганда, бу урушнинг чўзилиб кетгани оқибатлари аллақачон сезилмоқда. Ҳормуз бўғозининг ҳатто бир кун ёпилиши жаҳон бозорларига сезиларли силкинишларга сабаб бўлмоқда. Катта эҳтимол билан Эрон ҳам АҚШ ҳам холдан тойган. Балки 39-марта айтилган сулҳ ваъдалари ҳам амалга ошмас, эҳтимол 40-мартасида муваффақиятли бўлар. Нима бўлганда ҳам урушлар якунига умид қилиб қоламиз.

Эбола ва Конго

2026 йил 15 май куни Конго ДР Соғлиқни сақлаш вазирлиги Итури вилоятида Эбола касаллиги аниқроғи бу сафар Бундибугё вируси тарқалаётганини расман тасдиқлаган эди. Бу мамлакатдаги 17-Эбола эпидемияси бўлиб,  аввалгиси 2025 йил декабрида тугаган эди. Орадан атиги беш ой ўтар-ўтмас касалликнинг янги тўлқин бошланди. ЖССТ 17 майда буни халқаро миқёсдаги фавқулодда вазият деб эълон қилди. Бугунгача 630 дан ортиқ эбола вируси билан касалланган одам аниқланган бўлиб, 127 та ўлим ҳолати маълум қилинган. Эпидемияларга тайёргарлик кўриш коалицияси Эбола вирусининг Бундибугё штаммига қарши вакцина ишлаб чиқиш учун бир нечта тадқиқот гуруҳлари, жумладан Moderna’га қарийб 60 миллион доллар ажратади.

Вирусли эпидемия тарқалиши фонида шифокорларнинг иш ташлаши бошланди. Тиббиёт ходимлари иш ҳақини ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни кўпайтиришни талаб қилмоқда.
Мелбурндаги Бурнет институти доценти Суман Мажумдар SBS News нашрига берган интервьюсида ишчи кучини қўллаб-қувватлашни сақлаб қолиш эпидемияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтди.

"Жамоат саломатлиги фавқулодда ҳолатида ишчи кучининг узилиши юз берган ҳолларда, устувор вазифа ҳаётни сақлаб қолиш ва шошилинч тиббий ёрдамни сақлаб қолиш, шу билан бирга ушбу узилиш ортидаги хавотирларни зудлик билан ҳал қилиш бўлиши керак", деди у.

Эбола бир вақтнинг ўзида футболга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўзбекситоннинг саралаш босқичидаги рақибларидан бири Конго терма жамоасининг 9 июнь куни Испаниянинг Ла-Линеа-де-ла-Консепсон шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Чили терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви бекор қилинди.

Маълум қилинишича, Конго Демократик Республикасида Эбола вируси билан боғлиқ вазият сабабли шаҳар мери Хуан Франко учрашувни ўтказишни тақиқловчи қарорни имзолаган. Шаҳар раҳбарининг таъкидлашича, мазкур қарор соғлиқни сақлаш хавфсизлиги нуқтаи назаридан, Андалусия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсиялари ҳамда шаҳар тиббий хизмати хулосалари асосида қабул қилинган.

“Бу қарорни қабул қилишга мажбур бўлганимиздан афсусдамиз, чунки ушбу ўйин шаҳар учун муҳим ва қизиқарли воқеа эди. Бироқ Конгодаги санитария вазияти ва тақдим этилган ҳужжатлар ҳеч қандай хавф йўқлигига тўлиқ кафолат бермайди. Шу боис мазкур қарорни энг мақбул ечим деб ҳисоблаймиз”, дейди Хуан Франко

Шунга қарамай, Конго ДР терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарликни давом эттирмоқда. Келгусидаги ўйинлар тақдири қандай бўлади ҳали номаълум.

Умумий хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, барча воқеалар бамисоли йилнинг энг муҳим воқелиги – футбол бўйича Жаҳон Чемпионати атрофида айланаётгандек ва бу яхши. Негаки “зўрман”, дегани стадионларда беллашгани афзалроқ, бир-бирига қурол кўтариб ҳал қилгандан кўра.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ўзбекистон Эрон Жаҳон чемпионати СССР Яқин Шарқ Мексика Пашинян чемпионат Канада FIFA Фабио Каннаваро Ароқчи хавфсизлик чоралари Европа Сиёсий Ҳамжамияти Саммити Эбола ва Конго

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг