Биринчи босқич талабаларидан ётоқхона учун ариза қабул қилиш бошланди
Жамият
−
23 Август 2023
2810Олий таълим муассасасига кирган биринчи босқич талабаларидан ётоқхонага жойлашиши учун ариза қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Айтилишича, Талабаликка тавсия этилганлар тўғрисидаги маълумотларни “Талабалар турар жойи ахборот тизими”га юклаш ишлари ўз якунига етган. Шу сабабдан талабалардан ариза қабул қилиш бошланган.
Энди биринчи босқич талабалари давлат олий таълим муассасаларининг ётоқхоналарига жойлашиши учун Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон ариза юбориши мумкин.
Маълумот учун, жорий йилда олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1 млн 18 минг 7 нафарни ташкил этган. Шулардан 948 486 нафар абитуриент тест синовига лойиқ деб топилган, аммо улардан 59 866 нафари имтиҳонга келмаган. Шунингдек, 13 кун давом этган имтиҳонлардан жами 148 нафар абитуриент четлаштирилган.
Очиқланган маълумотларга кўра, жорий йилда жами абитуриентларнинг салкам ярми (49,4 фоиз) ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган. 56,7 баллдан кам тўплаган абитуриентларнинг 70,5 фоизи аввалги йилларда ўқишни тугатган бўлса, қолган 29,5 фоизи жорий йилги битирувчилар ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижалари 22 августдан бошлаб эълон қилинган эди.
LiveБарчаси