Биринчи ахлат йиғиш мусобақаси қандай ўтди?

Бу қизиқ

image

Японияда ахлат йиғиш бўйича биринчи жаҳон чемпионати бўлиб ўтди, бу ҳақда "Edo Tokyo" нашри хабар берди.

Чемпионат “SpoGomi World Cup – 2023”  деб номланди. Бунда “Gomi” сўзи японча ахлат, деган маънони англатади. Ушбу турнир маҳаллий нотижорат ташкилотлардан бири томонидан ташкил этилди.

Токиодаги мусобақада иштирок этиш учун 21 давлатдан, жумладан, Австралия, Бразилия, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Чили ва Жанубий Африкадан жамоалар келган. 

Мусобақа иштирокчиларининг вазифаси бир ярим соат ичида пойтахтнинг икки гавжум ҳудудида имкон қадар кўпроқ ахлат йиғиш эди. Ҳар бир жамоада учтадан ўйинчи бўлиб, уларнинг барчаси резина қўлқоп, махсус қисқич ва полиэтилен пакетлар билан "қуролланганди". 

Улар учун ажратилган чиқиндилар қидириш майдони сезиларли даражада чекланганди. Масалан, “спортчилар”га шахсий ҳудудга кириш тақиқланган.

Бундан ташқари, Токио узоқ вақтдан бери дунёнинг энг тоза шаҳарларидан бири ҳисобланади. Японлар камдан-кам ҳолларда бўш бутилкалар, озиқ-овқат қадоқлари, сигарет қолдиқлари ва бошқа кераксиз нарсаларни ахлат қутиларидан ташқарида қолдиради. Шу сабабли ҳам вазифа осон бўлмаган.

“Бу бироз қийин бўлди, чунки у ерда ахлат кўп эмасди. Кейин биз чиқиндиларни диққат билан излашимиз, буталар ичига қарашимиз ёки фақат ерда ётган сигарет қолдиқларини йиғиш билан шуғулланишимизга тўғри келди”, дейди америкалик Беатрис Эрнандес исмли иштирокчи ўз гуруҳи билан дуч келган қийинчиликлари ҳақида гапирар экан.

Мусобақа тугагандан сўнг, иштирокчиларга чиқиндини турларга ажратиш учун йигирма дақиқа вақт ажратилди. Жамоаларга яхши саралаш сифати ва йиғилган ахлатда майда буюмлар мавжудлиги учун кўпроқ балл берилди.

Мусобоқада британияликлар Сара Парри бошчилигидаги жамоа 57 килограммдан ортиқ чиқинди билан ғолиб чиқди. Уларга кубок ва медаллар топширилди. Мусобақа мезбонлари эса иккинчи ўринни эгаллади. 

Умуман ҳисобда барча иштирокчилар томонидан 548 килограмм ахлат йиғилди. Турнирнинг кейинги ўтказилиш санаси 2025 йилга режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, чиқиндиларни йиғиш бўйича мусобақалар Японияда 2008 йилда бошланган. Улар аста-секин оммалашиб, кенг қамровга эга бўлмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида Япония оролларида 230 га яқин шундай тадбирлар ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида Европанинг биринчи экстремал ҳордиқ чемпионати ўтказилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония чемпионат Токио ахлат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг