“Бир оёғи Исроилда бўлган” Блинкен яна Яқин Шарққа боради
Олам
−
04 Январь
3865Бугун, 4 январь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқ бўйлаб сафарга чиқади. У мазкур ташриф доирасида Исроилга ҳам қўниб ўтади. Бу ҳақда Давлат департаментининг юқори мартабали расмийси брифингда маълум қилди.
“Ҳамкасбим (Байденнинг энергетика хавфсизлиги бўйича катта маслаҳатчиси) Амос Хохштайн, менимча, эртага (4 январь) Исроилда бўлади. Албатта, бизнинг Давлат котибимиз Блинкен ҳам кечқурун минтақага жўнаб кетади”, дейди у.
Эрондаги портлашларни изоҳлар экан, дипломат бу портлашлар ИШИД жангарилари томонидан “ўтмишда содир этилган терактга ўхшаш” эканини таъкидлаган.
"Ҳозирча бу бизнинг тахминимиз", дейди у.
Шу билан бирга, Давлат департаменти вакили Эронни яманлик ҳусийларни қуроллантиришда айблади. У Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларидан ҳусийларга Қизил денгиздаги ҳужумларнинг оқибатлари ҳақида "қўшимча огоҳлантиришларни кутмаслигини" айтди.
Маълумот учун, ўтган йилнинг 7 октябрь куни ҲАМАС-Исроил ўртасида қуролли тўқнашувлар авж олгандан бери Блинкен Яқин Шарққа серқатнов бўлиб қолди. 12 октябрда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга борди. У Исроилдан сўнг Иордания, Қатар, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Мисрда ҳам бўлди ва ушбу давлатларнинг расмийлари билан Исроил-Фаластин масаласини муҳокама қилди. Араб давлатларига қилган сафаридан сўнг, Энтони Блинкен 16 октябрь куни Исроилга қайтиб борди. Орадан кўп ўтмай, 3 ноябрь куни Блинкен можаро фонида учинчи марта Исроилга бориб, Бош вазир Биньямин Нетаньяху, Президент Ицхаак Герцог ва бошқа расмийлар билан учрашди. 30 ноябрь куни америкалик сиёсатчининг самолёти яна Тель-Авивга қўнди. Ташриф чоғида Блинкен Исроил расмийлари билан "гуманитар пауза", ҲАМАС қўл остидаги маҳбусларни озод қилиш ва Ғазога ёрдам масалаларини муҳокама қилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Блинкен январь ойининг биринчи ҳафтасида Ғарбий Соҳилдаги, шунингдек, Исроил, Иордания, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони расмийлари билан Яқин Шарқдаги можарони ҳал қилишни муҳокама қилмоқчи экани хабар қилинганди. У Греция ва Туркияга ҳам ташриф буюриши кутилмоқда.
LiveБарчаси