Бир қатор тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди
Жамият
−
28 Январь 2022
92772022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бир қатор тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, қуйидаги соҳаларда фаолият олиб борадиган тадбиркорлик субъектлари учун 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди:
• чакана савдо ва умумий овқатланиш;
• меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари;
• автотранспортда йўловчи ва юк ташиш;
• транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш;
• компьютер хизматлари;
• маиший техникани таъмирлаш;
• агро ва ветеринария хизматларини кўрсатиш;
• кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатиш.
Қайд этилишича, мазкур солиқ имтиёзи тадбиркорлик субъектлари томонидан, агар уларнинг мазкур кичик бандда кўрсатилган фаолият турларини амалга оширишдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, қўлланилади.
Шунингдек, мазкур фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ходимлар сонини яшириш ҳолатлари аниқланганда, мазкур солиқ имтиёзининг амал қилиши тўхтатилади ҳамда қонунчиликда белгиланган молиявий санкциялар қўлланилади.
LiveБарчаси