“Тадбиркорларнинг куни туғди”. Президент эксклюзив қарорни имзолади
Жамият
−
28 Январь 2022
56064Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш натижасида 2021 йилда хизматлар кўрсатиш ҳажми қарийб 20 фоизга ўсди.
Шу билан бирга, хизматлар соҳасини ривожлантиришга янгича ёндашувларни жорий этиш орқали бозор хизматлари ҳажмини 2022 йилда 1,5 бараварга ошириш ҳамда қўшимча 1,5 миллион янги иш ўринларини яратиш имкониятлари мавжуд.
Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, алоҳида ёндашувлар асосида хизматлар соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини молиявий ресурслар ва инфратузилма билан таъминлаш ҳамда уларга қулай солиқ режимини жорий этиш мақсадида:
1. Республика ҳудудларининг аҳолиси сони ва зичлиги, географик жойлашуви, ихтисослашуви ва инфратузилма билан таъминланганлик даражасидан келиб чиқиб, хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгилансин:
а) ҳар бир туман ва шаҳарларда:
бюджет маблағлари ҳисобига 2021-2022 йилларда шаҳарсозлик лойиҳалари асосида мукаммал таъмирланган, ташқи ёритиш, суғориш ва дренаж тизимлари модернизация қилинган, пиёда ва велосипед йўлаклари қурилган ҳамда аҳоли гавжум бўлган кўчаларни савдо, хизмат кўрсатиш, сайилгоҳ ва кўнгилочар кўчаларга айлантириш;
рақамли хизматлар улушини босқичма-босқич ошириш учун зарур инфратузилма билан таъминлаш ва сифатли алоқа ва интернет хизматлари қамровини, шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизими хизматларидан фойдаланиш кўламини кескин кенгайтириш;
б) Тошкент, Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказлари ҳамда бошқа шаҳарларда кўпи билан ҳар 3-5 та маҳалла учун аҳоли гавжум бўлган кўчани ободонлаштириб, пиёдалар йўлакчаларини кенгайтириш ва уларни ёритиш орқали маҳаллалараро савдо-хизмат кўчасини ташкил этиш;
в) аҳолиси 300 мингдан кам бўлган туманларда:
саноат ва хизматлар соҳаси юқори суръатларда ривожланиб бораётган туманларда – савдо, меҳмонхона, овқатланиш ва логистика хизматларини, шунингдек, техник хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар масканларни ташкил этишга устуворлик бериш;
тоғли, тоғолди, рекреацион туризм салоҳияти юқори туманларда – автомобиль йўллари, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти ҳамда бошқа инфратузилмани яхшилаш ва тайёр лойиҳалар асосида туризм хизматларини ривожлантириш;
чегара ҳудудларда жойлашган ҳамда ҳудудидан халқаро автомагистраль ва темир йўллар ўтган туманларни – савдо, туризм, логистика ҳамда йўл бўйи хизматларини кўрсатишга ихтисослаштириш;
қишлоқ хўжалиги улуши юқори бўлган туманларда – замонавий агрохизматларни ривожлантириш;
г) ўрта ва йирик шаҳарлар ҳамда аҳолиси 300 мингдан кўп бўлган туманларда – замонавий бозор хизматлари, таълим, тиббиёт, санъат, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш ҳамда транспорт хизматларини ривожлантириш;
д) Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида – юқори даромадли хизматларни, айниқса, йирик савдо ва кўнгилочар хизмат кўрсатиш объектларини кўпайтириш, таълим ва тиббиёт муассасалари жойлашган ҳудудларда ихтисослашган кластерлар ташкил этиш.
2. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш. Бунда:
мазкур солиқ имтиёзи тадбиркорлик субъектлари томонидан, агар уларнинг мазкур кичик бандда кўрсатилган фаолият турларини амалга оширишдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, қўлланилади;
мазкур кичик бандда кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ходимлар сонини яшириш ҳолатлари аниқланганда, мазкур солиқ имтиёзининг амал қилиши тўхтатилади ҳамда қонунчиликда белгиланган молиявий санкциялар қўлланилади;
б) тадбиркорлик субъектларига 2022 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил 1 январга қадар меҳмонхона (жойлаштириш воситалари) ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари) бўйича:
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 90 фоизга камайтириш. Бунда 2027 йил 1 январгача янгидан қуриладиган объектларга (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкасига) нисбатан мазкур имтиёзни улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 5 йил муддат давомида қўллаш;
фойда солиғини ҳисоблашда биноларнинг қийматини икки йил давомида амортизация харажатлари сифатида чегириш ҳуқуқини бериш;
в) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар 1-иловада келтирилган туман ва шаҳарларда белгиланадиган туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун:
айланмадан олинадиган солиқ ставкасини – 1 фоиз;
ушбу ҳудудлардаги объектлар ва улар эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи миқдорларини – мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгилаш.
Бунда туман ва шаҳарларнинг туризм ҳудудлари чегаралари Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бош бошқармалари хулосалари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан белгиланади;
г) жисмоний шахслар томонидан маҳаллалараро савдо-хизмат кўчалари бўйида жойлашган турар жой объектларини ушбу банднинг “а” кичик бандида келтирилган хизмат кўрсатиш турлари бўйича нотурар жой объекти тоифасига ўтказилганда 2024 йил 1 январга қадар уларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг жисмоний шахслар учун ўрнатилган ставкасини сақлаб қолиш;
д) 2022 йил 1 январдан уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкасини 10 фоиз этиб ўрнатиш;
е) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб қишлоқ жойларда антенна-мачта металл конструкцияларини, уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар ҳамда улар эгаллаган ер участкаларини юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этиш.
Молия вазирлиги (Т. Ишметов) Давлат солиқ қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги, тегишли идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Солиқ кодексига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Белгилансинки:
а) қуйидагилар 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилади:
2-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган товарлар;
телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан телекоммуникация инфратузилмасини жорий этиш лойиҳалари доирасида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат бўйича олиб кириладиган технологик ускуналар, материаллар, дастурий таъминот ва эҳтиёт қисмлар;
б) мол-мулк солиғини ҳисоблашда ер участкаларида ўрнатилган антенна-мачта металл конструкциялари ҳамда уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар (тортқилар, атрофни ўровчи деворлар, юк кўтариш мосламалари, чақмоқдан ҳимоя қилиш тизимлари, ерга улаш қурилмалари, сигнал-ёритиш тизимлари, қўриқлаш сигнализацияси ва видеокузатув тизимлари) кўчмас мулк сифатида қаралади;
в) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
радиочастота спектридан фойдаланувчиларга радиочастота органларининг тегишли рухсатномаларига асосан радиочастота спектридан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқи берилади;
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекциясига унинг резидентлари томонидан ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдори, улар томонидан экспорт қилинган ахборот технологиялари хизматларининг бир йиллик ҳажми 10 миллион АҚШ долларидан ошганда 25 фоизга, 20 миллион АҚШ долларидан ошганда 50 фоизга пасайтирилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5113-сон қарорига мувофиқ, савдо ва кўнгилочар кўчаларда:
кўчма савдо объектлари учун жойлар тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион савдоси асосида сотилиши;
барча тадбиркорлик субъектларига жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритиш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
5. 2022 йил 1 июлдан бошлаб мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ туманлар ва шаҳарларда туризм объектларини қуриш учун ер участкаларини ҳудудларнинг мастер-режалари асосида ишлаб чиқилган лойиҳа таклифлари ҳамда зарур инфратузилма билан таъминланган ҳолда электрон онлайн-аукцион савдосига чиқариш тартиби жорий этилсин.
Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
Туризм ва спорт вазирлиги (У.Азамов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар ҳудудларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш учун техник топшириқларни Қурилиш вазирлигига киритади;
Қурилиш вазирлиги (Д.Адилов) тегишли лойиҳа институтлари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда 2022 йил 1 июлга қадар ҳудудларнинг мастер-режалари ва лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилишини таъминлайди;
Кадастр агентлиги (Ф.Умаров) Туризм ва спорт вазирлиги (У.Азамов) ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2022 йил 1 июлдан бошлаб лойиҳа таклифлари ва инфратузилмага эга бўлган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдосига чиқаради.
6. Мазкур қарорнинг 5-бандида назарда тутилган ҳудудларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш ва ер участкаларини зарур инфратузилма билан таъминлаш ишларини молиялаштириш учун:
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) бир ой муддатда тегишли маҳаллий ҳокимликларга Давлат бюджети ҳисобидан 200 миллиард сўм миқдорида бюджет ссудасини ажратсин;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Воитов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) билан биргаликда икки ой муддатда халқаро молия институтларининг 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини жалб қилсин;
маҳаллий ҳокимликлар бюджет ссудасининг электрон онлайн-аукцион савдоси орқали сотилган ер участкаларидан тушган маблағлар ҳисобидан икки йил давомида тўлиқ қайтарилишини таъминласин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошқулов) ва бошқа олий таълим ташкилотига эга вазирлик ва идораларга олий таълим ва тиббиёт муассасаларининг бино ва ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва уларни хусусий секторга хизматлар кўрсатиш бўйича ажратиш борасидаги амалга оширилган ишлари қониқарсиз эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
Қурилиш вазирлиги (Б.Зокиров) икки ҳафта муддатда Кадастр агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ижтимоий соҳа муассасаларининг ер майдонлари, бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш даражасини ўрганиш бўйича Комиссия тузилишини таъминласин.
Комиссияга икки ой муддатда:
олий таълим ва тиббиёт муассасаларининг ер майдонлари, бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш даражасини тўлиқ ўрганиш;
ўрганиш натижалари бўйича бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган бино ва иншоотлар ҳамда улар ҳудудидаги бўш ер майдонларини аниқлаш вазифаси юклатилсин.
Қурилиш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда:
ўрганиш асосида аниқланган самарасиз фойдаланилаётган ёки бўш турган йирик ижтимоий соҳа объектларининг мастер-режаларини уч ой муддатда ишлаб чиқсин;
мастер-режаларга мувофиқ, самарасиз фойдаланилаётган ёки бўш турган бинолар ва ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш ёки давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторни жалб этган ҳолда янги турдаги таълим ва тиббиёт хизматларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
а) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов), Туризм ва спорт вазирлиги (У.Азамов) ва тижорат банклари билан биргаликда хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, инфратузилма билан таъминланган ер участкаларини электрон-онлайн аукцион савдосига чиқариш, кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватлари ва ертўлаларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш ва уларни молиялаштиришга кўмаклашиш орқали:
2022 йил 1 сентябрга қадар 3-иловага мувофиқ туман ва шаҳарларнинг марказий кўчаларини савдо, кўнгилочар, гастрономик, туризм ва санъат йўналишларига ихтисослашган махсус савдо ва кўнгилочар кўчаларга айлантириш;
2022-2023 йиллар давомида 4-иловага мувофиқ “Янги Ўзбекистон” массивларида хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш;
бир ой муддатда ушбу қарорнинг 1-банди “б” кичик бандида назарда тутилган маҳаллалараро кўчаларни белгиласин ва уларни 2022-2023 йилларда савдо-хизмат кўчаларига айлантириш чораларини кўрсин;
б) бир ой муддатда зарур инфратузилма билан таъминланган ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдосига чиқариш орқали 2022-2023 йиллар давомида:
5-иловага мувофиқ йирик туман ва шаҳарларда савдо комплекслари ҳамда ҳудудий савдо-логистика марказлари барпо этилиши;
6-иловага мувофиқ халқаро йўллар бўйида хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилишини таъминласин;
в) бир ой муддатда нодавлат умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларини қуриш шарти билан 7-иловага мувофиқ туман (шаҳар)ларда ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдосига чиқарилишини таъминласин;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) Кадастр агентлиги (Ф.Умаров) билан биргаликда мазкур қарорнинг 4-7-иловаларига мувофиқ хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш учун аукционларга чиқариладиган ер майдонларини доимий равишда кўпайтириб бориш чораларини кўрсин.
9. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури координаторлари (С.Холхўжаев, А.Камалов, Д.Султанов) Туризм ва спорт вазирлиги (У.Азамов) билан биргаликда 2022 йил дастури доирасида ажратилаётган маблағларнинг 500 миллиард сўми 8-иловага мувофиқ тақсимот бўйича хизматлар кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларга, биринчи навбатда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган талабларга жавоб берадиган оилавий меҳмон уйлари (50 миллион сўмгача), хостеллар (1 миллиард сўмгача), ўтов лагерлари мажмуаси (300 миллион сўмгача), автокемпинглар (3 миллиард сўмгача), экоуйлар мажмуаси (300 миллион сўмгача), контейнер шаҳарчалар (600 миллион сўмгача) ва чодирли лагерлар (60 миллион сўмгача) ташкил этиш ва уларни таъмирлаш лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилишини таъминласин.
10. Тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 июндаги “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4752-сон қарорига мувофиқ жалб этилган ресурс маблағларининг муддатидан келиб чиқиб, аввал ажратилган кредитларнинг сўндирилган қисми ҳисобидан хизматлар соҳасидаги янги лойиҳаларни (молия соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ва хизматлар соҳасида айланма маблағларни тўлдириш ҳоллари бундан мустасно) молиялаштириш учун 14 фоиз ставкада битта лойиҳа бўйича 2 миллиард сўмгача миқдорда кредитлар ажратишга рухсат берилсин.
11. “Ўзмиллийбанк” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5113-сон қарорига мувофиқ “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан хорижий банклардан жалб қилинган 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни барча шаҳарлар ва туманлар марказларида хизматлар соҳасини ривожлантириш, шу жумладан, 29 та шаҳар ва 6 та йирик туманларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим объектлари ва йирик савдо комплексларини ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун қуйидаги шартлар асосида ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 9-иловага мувофиқ тақсимот бўйича тижорат банкларига хорижий валютада келишилган ставкада 5 йил муддатга молиявий ресурс ажратиш;
тижорат банклари томонидан хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш (молия соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ва хизматлар соҳасида айланма маблағларни тўлдириш ҳоллари бундан мустасно) учун 5 йилгача муддатга кредитлар ажратиш.
12. Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 2022 йилга мўлжалланган “йўл харитаси” 10-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ҳафта муддатда мазкур қарорнинг 1-бандида белгиланган мезонлар асосида туман (шаҳар)лар кесимида ишлаб чиқилган хизматларни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
Бунда мазкур қарорнинг 11 ва 11.1-11.13-иловаларида назарда тутилган Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, ҳар бир туман ва шаҳарда хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари инобатга олинсин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев) бир ой муддатда Тошкент шаҳрининг Марказий Осиёда энг катта мегаполис ва бизнес марказ сифатида мавқеини кучайтириш, тарихий ва маданий жиҳатларини замонавий ривожланиш тенденциялари билан уйғунлаштириш орқали хорижий ва маҳаллий туристлар учун шаҳарнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида хорижий консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. 2022 йил 1 февралдан бошлаб Олий Мажлис Сенати томонидан ҳар ой Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар томонидан янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини танқидий ўрганиш ва уларнинг фаолиятига баҳо бериш амалиёти жорий этилсин.
15. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида вазирлик бошқарув ходимларининг умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида 12 штат бирлигидан иборат Хизматларни ривожлантириш бўйича ҳудудларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш департаменти ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
хорижий экспертларни жалб этган ҳолда ҳудудларнинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги ихтисослашувини аниқлаш, улар асосида туман ва шаҳарларда хизматларни ривожлантиришнинг концепциялари ва мастер-режаларини ишлаб чиқиш;
ҳудудларнинг мастер-режалари асосида инфратузилма ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ва дастурларини шакллантириш;
“Ўзмиллийбанк” АЖ ҳузуридаги Хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий марказ билан ҳамкорликда ҳудудларда хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш;
ҳудудларда хизматларни ривожлантириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларига методологик кўмак бериш.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5113-сон қарорига 12-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
17. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари И.И.Норқулов, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б.Воитов, туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари У.А.Азамов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2022 йил 27 январь
LiveБарчаси