Бир қатор ҳоким ўринбосарлари ва ёрдамчилари пора билан ушланди (видео)
3-саҳифа
−
05 Ноябрь
18242Қашқадарё, Навоий, Андижон ва Сирдарё вилоятларида бир неча туман ҳокимларининг ўринбосарлари ва ёрдамчилари томонидан содир этилган пора олиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳокимининг ўринбосари тумандаги Қорашина шаҳарчасини ободонлаштириш доирасида қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш эвазига туман ҳокимлигининг маъмурий биноси ёнида 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур объектдаги камчиликларни солиштирма далолатнома расмийлаштириш йўли билан бартараф этиб бериш эвазига 15 миллион сўм олган вақтида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси етакчи мутахассиси ҳам қўлга олинган.
Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда давлат унитар корхонасининг етакчи мутахассисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари фуқарога Хатирчи туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида банкдан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи олиб бериш эвазига 20 миллион сўм олган вақтида ушланган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси ўз хизмати учун 10 миллион сўм ҳамда Хатирчи туманидаги акциядорлик тижорат банки мутахассиси эса тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, кредит маблағи ажратиб бериш эвазига 2 миллион сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога банкдан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилишида ёрдам бериш эвазига 9 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 214-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Бундан ташқари, Сирдарё вилоятида ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ҳамда фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини таъминлаш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг ҳукмига мувофиқ, мазкур мансабдор шахс 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.