Бир дона банан 6,2 млн долларга сотилди
Бу қизиқ
−
21 Ноябрь
23085Деворга скотч билан ёпиштирилган банандан иборат асар Sotheby’s аукционида 6,2 миллион долларга сотилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, италиялик рассом Маурицио Каттелан томонидан яратилган “Комедиант” асари 2019 йилда Маямидаги Art Basel кўргазмасида илк бор намойиш этилган ва санъат оламини ларзага солган. У шунчалик катта оломонни жалб қилганки, хавфсизлик ва бошқа экспонатларни ҳимоя қилиш мақсадида кўргазмадан олиб ташланган.
Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Нью-Йоркдаги Sotheby’s аукционида асар савдоси 800 минг доллардан бошланган ва тахминан беш дақиқа ичида 5,2 миллион долларга кўтарилган. Ушбу нархга харидорнинг қўшимча тўлови (аукцион комиссияси) ҳам қўшилган. Sotheby’s маълумотига кўра, савдолашув интернет орқали амалга оширилган ва дастлабки 1,5 миллион долларлик баҳодан анча ошиб кетган.
Савдони телефонда амалга оширган ғолиб хитойлик коллекционер ва Tron криптовалютаси асосчиси Жастин Сан. У тўловни криптовалютада амалга оширган ва банан чириб қолса, уни алмаштириш харидор зиммасида бўлишини таъкидлаган.
“Бу оддий санъат асари эмас – бу санъат, мемлар ва криптовалюта жамоаларини боғлайдиган маданий феноменни ифодалайди. Ушбу асар келажакда кўпроқ фикр ва мунозараларни илҳомлантиришига ишонаман ва у тарихнинг бир қисмига айланади”, дейди Жастин Сан.
Қайд этилишича, Сан ўша бананни истеъмол қилишини маълум қилган, чунки ушбу асарнинг дунё бўйлаб намойиши давомида камида икки томошабин бананни еб қўйган.
Бундан ташқари, ушбу асар санъат экспертлари томонидан яхшигина танқидга ҳам учраган ва уни кулгили ҳамда бемаъни, деб атаган.
Маълумот учун, асар муаллифи Каттелан бошқа ишлари, масалан, олтиндан ишланган ҳожатхона ва метеорит зарбасига учраган Папа ҳайкали билан ҳам машҳур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ одамсимон роботнинг биринчи асари – инглиз математиги Алан Тьюрингнинг портрети Нью-Йоркда кимошди савдосида 1,08 миллион долларга сотилган эди.
LiveБарчаси