Одамсимон робот чизган асар 1 млн долларга сотилди
Олам
−
09 Ноябрь
2627Одамсимон роботнинг биринчи асари – инглиз математиги Алан Тьюрингнинг портрети жорий йил 7 ноябрь куни Нью-Йоркда кимошди савдосида 1,08 миллион долларга сотилди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, баландлиги 2,2 метр бўлган Алан Тьюринг “God AI” номли портрети дунёнинг илк ультра-реалистик робот рассоми бўлган Ai-Da томонидан чизилган. Sotheby’s аукцион уйи аукциондан олдинги тахминларни ортда қолдириб, унинг ҳариди учун 27 та таклиф бўлганини маълум қилди.
“Одамсимон робот рассом томонидан яратилган биринчи санъат асарининг рекорд нархда сотилиши бугунги куннинг муҳим воқеаси бўлиб, сунъий интеллект технологиялари ва глобал санъат бозори ўртасидаги чорраҳанинг ўсиб бораётганини кўрсатади”, дея таъкидлаган аукцион уйи ўз баёнотида.
Сунъий интеллект ёрдамида гапириш қобилиятига эга Ai-Da’га кўра, у қиладиган ишнинг асосий қиймати – янги технологиялар ҳақида мулоҳаза қилишга туртки бўлиш. Алан Тьюрингнинг портрети томошабинларни сунъий интеллект ва ҳисоблаш тизимларининг илоҳий табиати ҳамда ушбу ривожланишларнинг ахлоқий ва ижтимоий оқибатлари ҳақида мулоҳаза қилишга чорлайди.
Дунёдаги энг илғор роботлардан бири ҳисобланган Ai-Da аёл киши кўринишида яратилган бўлиб, дунёнинг биринчи компьютер дастурловчиси сифатида тан олинган Ада Лавлейс шарафига номланган. Ai-Da ғояси замонавий санъат мутахассиси Айдан Меллер томонидан ишлаб чиқилган.
“Тарихдаги энг буюк рассомлар ўз давридаги ўзгаришларга эътибор қаратган ва жамиятнинг ўзгаришларини ҳам байрам қилган. Шунингдек, уларни шубҳа остига олган”, деган Меллер.
Меллер Ai-Da’ни ишлаб чиқиш жамоасини бошқариб, Оксфорд ва Бирмингем университетларидаги сунъий интеллект мутахассислари билан ҳамкорлик қилган.
“Ai-Da студия аъзолари билан мулоқот орқали ғоялар ишлаб чиққан ва “Эзгу мақсад учун сунъий интеллект” мавзусидаги муҳокама вақтида Тьюрингнинг тасвирини яратишни таклиф қилган”, дейилади хабарда.
Роботга асар услуби, ранги, мазмуни, оҳанги ва тузилиши ҳақида кўрсатмалар берилгач, у кўзларидаги камералар ёрдамида Тьюрингнинг суратига қараб расм чизган.
“Асардаги жиддий оҳанг ва бузилган юз шакли Тьюринг сунъий интеллектни бошқариш борасида бизнинг олдимизда турган қийинчиликлар ҳақида огоҳлантирганини ифода этади”, дейди Меллер.
Қайд этилишича, Ai-Da’нинг асарлари сирли ва таъсирли бўлиб, сунъий интеллектнинг қудрати қайси йўналишларга олиб бориши мумкинлиги ва унинг салоҳиятини ўзлаштириш йўлидаги глобал пойгани савол остига қўяди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Sotheby’s аукцион уйининг “Рақамли санъат” онлайн савдоларида ушбу суратнинг аукционга чиқарилиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси