“Бин Лодин” Туркманистондаги қамоқхонада вафот этди

Олам

image

Жорий йилнинг 10 апрель куни Туркманистондаги Овадан-Депе мавзесида (шу номдаги машҳур қамоқхонанинг рўпарасида) жойлашган AH-E/3 рақамли Туркманистон махсус тартибли колониясида маҳаллий криминал, “Бин Лодин” лақаби билан танилган маҳкум Расул Гулмамедов вафот этди. Бу ҳақда “Turkmen.news” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Расул Гулмамедов 2000-йиллар бошида уйидан гиёҳванд моддалар, бутун бошли қурол-яроғ арсенали ва ҳовлисида сомон остига яширилган бронетранспортёр (БТР) топилганидан кейин судланган. Шундан сўнг унга колониянинг ўзида бир неча бор қайтадан янги муддат қўшиб берилган ва у озодликка бошқа қайтиб чиқмаган.

Расул Гулмамедов ўзининг “Бин Лодин” лақабини дунёга машҳур халқаро террорчи, “Ал-Қоида” раҳбари Усома бин Лодин “шарафига” олган. Тўқсонинчи йилларнинг ўрталарида Туркманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Гулмамедовнинг уйидан йирик ҳажмдаги гиёҳванд моддалар ва автомат ҳамда пулемётлардан иборат бутун бошли қурол арсеналини, ҳовлисидаги чуқурда эса сомон билан ёпиб қўйилган БТРни топган.

Ушбу қурол ва ҳарбий техникани “Бин Лодин” 1989 йилда Афғонистон уруши тугаганидан кейин қўшинларни олиб чиқиб кетаётган собиқ СССР офицерларидан сотиб олган ёки гиёҳванд моддаларга алмаштирган. Шунга қарамай, баъзи манбалар БТР билан боғлиқ воқеани кучишлатар тизимлар ишни бўрттириб кўрсатиш учун ўйлаб топган шунчаки бир афсона, деб ҳисоблайди.

Ўшанда “Бин Лодин” қочиб кетишга ва собиқ СССР давлатларидан бирида ўрнашиб олишга муваффақ бўлган, бироқ 2001 йилда у номаълум сабабларга кўра ватанига қайтган. У 25 йилга озодликдан маҳрум этилган ва қамоқдан бошқа чиқмаган. Унга турли айбловлар билан тинимсиз янги муддат қўшиб берилган.

“Масалан, кунларнинг бирида гўёки дўстидан келган посилкадаги кўрпа ичига тикиб қўйилган гиёҳванд моддалар топилган. “Бин Лодин”ни таниганлар бу воқеани сохталаштирилган ва атайлаб уюштирилган туҳмат эканини даъво қилишади”, дейилади хабарда.

Гулмамедов машҳур “Овадан-Депе” (AH-T/2 муассасаси) қамоқхонасида камида уч марта бўлган. У қамоқхона тартиб-қоидаларига бўйсунишдан ва расмий ишларни бажаришдан бош тартувчи “отрицал” (инкор этувчилар) тоифасига мансуб маҳкумлардан ҳисобланган. Маъмуриятнинг ҳеч бир вакили уни бирор ишни қилишга мажбурлай олмаган, чунки у истаган вақтида ўзи каби балуж миллатига мансуб юзлаб маҳкумларни оёққа турғазиб, зонада ҳақиқий қонли сўйиш ташкил қилиб юбориши мумкин бўлган.

Шу сабабли унга тегилмаган ва кўрмаганга олиш афзал билинган ҳамда қамоқхона мезонлари бўйича ҳашаматли шароитда яшашига йўл қўйиб берилган: у алоҳида хонада, хизматкорлари билан, чекланмаган учрашувлар ва озиқ-овқат посилкалари қуршовида кун кечирган.

“Turkmen.news” нашрининг мамлакат кучишлатар тизимларидан биридаги манбаси берган маълумотга кўра, туркманистонлик “Бин Лодин” ўзининг 55 ёшини нишонлашига атиги бир неча ҳафта қолганда вафот этган. Ўлимнинг расмий сабаби сифатида инфаркт (юрак хуружи) кўрсатилган.

Маълумот учун, Усома бин Лодин – “Ал-Қоида” халқаро террористик ташкилоти асосчиси ва собиқ раҳбари бўлиб, 2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йоркдаги эгизак миноралар портлатилган йирик теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. АҚШ ҳукумати расмий версиясига кўра, бин Лодин 2011 йилнинг 2 май куни Покистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Абботтобод шаҳридаги виллада махсус операция давомида йўқ қилинган. “Ал-Қоида” ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркманистон Усома бин Лодин Расул Гулмамедов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг