Бибисора Асаубаева 40 минг долларлик турнирда ғолиб бўлди
Спорт
−
12:17 1154 1 дақиқа
Қозоғистонлик шахматчи Бибисора Асаубаева WR Women’s Chess Tour 2026 Европа босқичи доирасидаги рапид турнирида ғолиб бўлди. Бу ҳақда “World chess” хабар берди.
Мусобақа Франциянинг Сен-Тропе шаҳрида бўлиб ўтди. Финалда Асаубаева украиналик Мария Музичукка қарши баҳс олиб бориб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Қозоғистонлик шахматчи ғалабасидан сўнг Instagram саҳифасида таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Ҳаммага салом! Бугунги иш куним тугади. Мен WR Chess Tour мусобақасининг рапид қисмида ғолиб бўлдим. Биринчи ўйинда Пётцни, иккинчисида Бацяшвилини, учинчисида эса Мария Музичукни мағлуб этдим. Эртага блиц. Бироз чарчадим, лекин ўзимдан мамнунман. Бундан ташқари... пошнада 6 соат. Ҳа, тамом”, дейди Бибисара.
Шу тариқа, Асаубаева рапид турнири чемпионлигини қўлга киритди.
Қозоғистонлик шахматчи мусобақада иштирокини давом эттириб, энди блиц бўйича чемпионлик учун ҳам курашади. Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 40 минг долларни ташкил этади.
Маълумот учун, WR Women’s Chess Tour – турли минтақалардаги босқичлар ва финалдан иборат аёллар шахмат мусобақалари серияси бўлиб, унда рапид ва блиц йўналишларида баҳслар ўтказилади.
Live
Барчаси