Берлинда эҳтимолий жангларга тайёргарлик бошланди
Олам
−
20 Ноябрь 2392 2 дақиқа
Кеча, 19 ноябрь куни Бундесвер қўриқчи баталёни Германия пойтахти Берлиндаги метрополитен туннелида тунги тактик машқлар ўтказди. Ушбу машқлар мамлакат Мудофаа вазири Борис Писториуснинг Россия ҳужуми аввалги прогнозлардан тезроқ амалга ошиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришлари фонида бўлиб ўтган. Бу ҳақда “Der Tagesspiegel” хабар берди.
Нашрга кўра, ҳафталик манёврлар давомида аскарлар федерал ҳукуматни ҳимоя қилиш, шартли диверсантларга қарши жанг олиб бориш, жароҳатланганларни эвакуация қилиш ва чекланган кўриш шароитида ҳаракат қилиш бўйича амалиёт ўтказган.
Баталён командири подполковник Майк Тайхгребер машқларнинг мақсади “энг ёмон сценарий” шароитида ҳаракатларни синовдан ўтказиш эканини билдирган. У, шунингдек, бундай машқлар кетма-кет иккинчи йил ўтказилаётганини, метро туннелининг танланган жой сифатида реалистик эканини, чунки инқироз вазиятида туннель аскар бўлинмаларини тезда ҳаракатга келтириш учун ишлатилиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Борис Писториус Россия армияси НАТО давлатларига ҳужум қилиш учун ҳужум салоҳиятини тиклаши 2029 йил эмас, балки 2028 йилгача амалга ошиши мумкинлигини айтган эди. Вазир Россия таҳдиди 2022 йилда, Украинага босқин бошлангандан кейин кеч англанганини тан олган. Шу билан бирга, у НАТОнинг ядровий салоҳиятга эга эканини, Европа қуролли кучлари жангга тайёр бўлиб, фақат қўшимча жиҳозлашга муҳтожлигини таъкидлаган.
Россиянинг кутилмаган ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида аввал Германия қўшма оператив қўмондонлиги раҳбари, генерал лейтенант Александр Золфранк ҳам гапирган. У Москванинг қарори Россия ҳарбий кучи, жанг тажрибаси ва Ғарб иттифоқчилар реакциясига боғлиқ бўлишини айтган. Унинг сўзларига кўра, Украина ҳудудида муваффақиятсизликларга қарамай, Россия етарли асосий жанг танклари, ҳаво кучлари, бир нечта жангга тайёр флотлар ва ядровий қуролга эга.
Live
Барчаси