Бердимуҳамедов Эрдўғанга унвон берди

Олам

image

Бугун, 26 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 70 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Эрдўғанга “Туркманистон фахрий оқсоқоли” унвонини беришга қарор қилди. Бу ҳақда “Нейтральный Туркменистан” газетаси хабар берди.

“Туркман халқига кўп асрлик яхши қўшничилик ва кекса авлод вакилларини ҳурмат қилиш анъаналарига амал қилиб, Туркманистон-Туркия муносабатларини ривожлантиришга қўшган улкан шахсий ҳиссангизни, халқларимиз ҳамжиҳатлиги йўлидаги хизматларингизни юксак қадрлаган ҳолда, 70 йиллик юбилейингиз муносабати билан сизга Туркманистоннинг “Hormatly il ýaşulusy” (“Туркманистон фахрий оқсоқоли”) фахрий унвонини беришга қарор қилинди”, дейилади Бердимуҳамедовнинг Эрдўғанга йўллаган табрик мактубида. 

Бердимуҳамедовнинг ёзишича, мамлакат ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири Туркия билан турли соҳаларда стратегик ва узоқ муддатли муносабатларни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат. Туркманистон Президенти, шунингдек, икки давлат халқаро ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасидаги муваффақиятли ҳамкорликни ҳам қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, Туркия Туркманистоннинг энг йирик ташқи савдо шерикларидан бири бўлиб, мамлакатда иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган кўплаб турк компаниялари Туркманистон иқтисодиётини диверсификация қилиш ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга ҳисса қўшмоқда.

Бердимуҳамедов бутун туркман халқи номидан Эрдўғанни самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, бахт ва оилавий тотувлик, Туркия Республикаси халқига эса тинчлик, янада тараққиёт ва фаровонлик тилаган.

Маълумот учун, Ражаб Тойиб Эрдўған 1954 йил 26 февралда Истанбулнинг Бейўғлу туманидаги Қосимпаша маҳалласида қирғоқ қўриқлаш ходими оиласида туғилган. У 2014 йил 28 августдан бери Туркиянинг амалдаги Президенти саналади. Бунгача Эрдўған 2003-2014 йилларда Туркия Бош вазири, 1994-1998 йилларда Истанбул мэри лавозимларида ишлаган. У иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт” партиясининг асосчиси ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрдўған Бердимуҳамедов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг