Бербок Исроилни Ғазодаги уруш оловини пасайтиришга чақирди
Олам
−
08 Январь
2756Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Ғазо секторидаги гуманитар вазият ёмонлашгани муносабати билан Исроилни Фаластин анклавидаги жанговар ҳаракатлар даражасини пасайтиришга ва у ерга гуманитар ёрдам етказиш учун рухсат беришга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 7 январь куни Исроил Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац ва Президент Ицхак Герцог билан Қуддусда бўлиб ўтган музокарадан сўнг айтиб ўтди.
"Бегуноҳ одамларни бу даражада азоблаш мумкин эмас. Бизга камроқ интенсив операция керак", дейди Бербок.
Вазирнинг айтишича, Исроил армияси Ғазодаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши, жуда кўп фаластинликларга зарар етказмасдан, ҲАМАСга қарши курашиш йўлларини топиши керак.
Анналена Бербок бир неча Исроил вазирлари томонидан илгари сурилган Ғазо секторидан фаластинликларни кўчириш ташаббусидан ҳам огоҳлантирди.
“Ғазо шубҳасиз фаластинликларга тегишли”, деган Бербок.
Шу билан бирга, Германия Ташқи ишлар вазири расмийларни халқаро гуманитар ҳуқуқ доирасида Исроилнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиши масаласига тўхталган.
"Биз Исроилни ер юзидан йўқ қилмоқчи бўлган кўр-кўрона террорга қарши курашда бирдамлигимизни билдирамиз", деган Бербок.
У ҲАМАСни Исроилга ҳужумларни тўхтатишга ва барча гаровга олинганларни озод қилишга чақирган.
"Агар ҲАМАС фанатик тарзда бу бемаъни курашни давом эттирмаганида эди, уруш аллақачон тугаган бўларди", дея даъво қилган вазир.
Бундан ташқари, Бербок Ғарбий Соҳилдаги радикал кўчманчилар томонидан зўравонлик кучайиб бораётганидан ҳам хавотир билдирган.
"Бу зўравонлик даражаси 7 октябрдан бери сезиларли даражада ошди. Бунга чек қўйилиши керак", деган вазир Исроил армиясининг фаластинликларни ҳимоя қилиш масъулиятини эслатиб.
Унинг сўзларига кўра, ноқонуний аҳоли пунктлари қурилиши минтақадаги узоқ муддатли тинчликка жиддий тўсиқдир. Вазирнинг таъкидлашича, Исроил-Фаластин можаросини икки давлат музокаралари асосида ҳал қилиш икки халқ учун тинч-тотув яшашнинг ягона имкониятидир.
Маълумот учун, бугун, 8 январь куни Анналена Бербок Ғарбий Соҳилга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Ташриф доирасида Германия Ташқи ишлар вазири исроиллик кўчманчилар зўравонлигидан жабр кўрган фаластинликлар билан учрашади.