Бепул ва қулай: Дунёнинг энг бой музейлари виртуал саёҳат “эшик”ларини очди
Бу қизиқ
−
12 Апрель 2020
30208Бугун бутун дунёда туризм тўхтади. Одамлар бошқа шаҳар ёки давлатга бориш уёқда турсин уйидан чиқиши ҳам чекланяпти. Аммо замонамизда бир неча ўнг минг чақирим узоқликдаги маданий объектлар ва ноёб музей экспонатларини уйдан чиқмай томоша қилиш имконияти мавжуд.
Коронавирус пандемияси сабаб дунёнинг энг бой музейлари ўзининг онлайн порталини очиб юборди ва янада тўлдирди. Қуйида уларнинг баъзиларига тўхталиб ўтамиз.
Санкт-Петербургдаги Эрмитаж (Россия)
Давлат Эрмитажи сайтида барча қаватлар ва залларни айланиш мумкин. Онлайн режимдаги барча экспонатлар 3D форматда яқинлаштириш имконияти билан жойлаштирилган. Эрмитажда Марказий Осиё, Эрон ва Мўғулистонга оид ноёб маданий бойликлар талайгина.
Британия музейи (Лондон)
Британия музейида бутун дунёдан тўпланган археологик топилмалар сақланади. Миср ва Месопотамиядан топилган қадимий буюмлар ва Англиянинг ўрта асрлардаги қабрлари. Шунингдек, санъат асарлари ҳам талайгина.
Бошқалардан фарқли равишда Британия музейида алоҳида заллар томоша қилинмайди. Музей даврларнинг интерактив тизимини ишлаб чиққан. Унда Европа, Осиё, Африка ва Америкадаги цивилазиялар пайдо бўлади ривожланади ва йўқ бўлади. Даврлараро хронологик ҳаракатланиш ёки бирор минтақа ёки даврни танлаб олиш ҳам мумкин.
Прадо музейи (Мадрид)
Испания қироллари кўп йиллар давомида йиғган барча бойликлар музей сайтига жойлаштирилган. Энг иқтидорли рассомлар – Гойе, Веласкес, Рафаэль, Дюрер, Босх, Тициан ва бошқаларнинг асарлари осон бўлиши учун алоҳида бўлимга жойлаштирилган. Бир қанча категориялар бўйича қидирув имконияти ҳам мавжуд.
Лувр (Париж)
Донғи бутун дунёга ёйилган Парижнинг Лувр музейи ўз заллари бўйлаб 3 та виртуал экскурсияга чорлайди. Музей сайтида коллекциялар асосида ишланган ўнлаб видеолар ҳам мавжуд. Уларнинг бари инглиз ва француз тилларида.
Ватикан музейлари
Бутун дунёдан келган сайёҳлар турнақатор навбат билан чиройига ошиқадиган Сикстин капелласи, Пио-Клементино, Капелла Никколина музейларини виртуал шаклда ҳам томоша қилиш мумкин.
Салвадор Дали музейи (Фигарес)
Салвадор Далининг театр-музейи унинг она шаҳри Фигаресда (Испания) жойлашган. У сайёлаҳрнинг севимли масканлаидан. Музей сайтида залларга саёҳат, Галатей минораси ва Мэй Уэст юзи туширилшан хона ҳамда Фигарес кўчаларига саёҳат қилиш мумкин.
Пушкин номидаги ДТСМ (Москва)
Буюк рус шоири Александр Пушкин номидаги тасвирий санъат давлат музейи залларини музей сайти орқали айланиш мумкин. У ерда ҳар бир зал ва экспонатлар ҳақида қисқа аудио ва матнли маълумотлар олиш мумкин.
Русь музейи (Санкт-Петербург)
“Виртуал Рус музейи” сайтига музейдаги энг ноёб экспонатлар жойлаштирилган. Улар 12 та коллекцияга йиғилган. Уларнинг ҳар бирига қисқа маълумотлар берилган. Компютер қаршисида ўтириб, музейнинг виртуал 3D шаклида айланиш мумкин.
Бутун дунё коронавирус пандемияси сабаб ўз қобиғига ўралиб олиши мумкин. Аммо бу санъат асарларидан баҳраманд бўлишга тўсиқ бўлмайди. Карантин сабаб уйдан чиқолмай қолган одамлар эса шу орқали бироз енгил тортади ва вақтини мазмунли ўтказиш имкониятини қўлга киритади.
LiveБарчаси