Бензинни нотўғри сотиш орқали салкам 500 млн зарар етказилгани аниқланди

3-саҳифа

image

Бензинни нотўғри сотиш, шунингдек, истеъмолчиларга тўлиқ ҳажмларда қуйиб бермаслик оқибатида қарийб 489 миллион сўм зарар етказилган. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, олиб борилган ўрганишлар давомида ёнилғи қуйиш шохобчаларида AI-80 маркали бензинни AI-91 ёки AI-92 маркаси остида сотиш ҳолатлари аниқланган. Шу сабабли, турли ҳудудларда хусусий корхоналарга қарашли 23 та ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган ёнилғи сифатини аниқлаш мақсадида назорат харидлари ўтказилган.

Назорат тадбирлари давомида Самарқанд вилоятидаги “Triada ekspress servis” масъулияти чекланган жамият, “Turop Godir” МЧЖ ва “Muxammad neft oil” МЧЖ каби ёнилғи қуйиш шохобчаларида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги “SAID AGSM TEX SERVIS”, “Bekzod-5”, “Murod Maqsad Trans” ва “LUX PETROL” МЧЖларга қарашли ёнилғи қуйиш ва бошқа шу каби шохобчаларда ҳам бундай ҳолатлар кузатилган.

“Ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини ўрганиш натижаларига кўра, бензинни нотўғри сотиш, шунингдек, истеъмолчиларга тўлиқ ҳажмларда қуйиб бермаслик оқибатида етказилган зарар миқдори қарийб 489 миллион сўмни ташкил этди. Айни пайтда истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш ва қайта ҳисоб-китоб қилиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Йил бошидан буён биржа савдолари орқали ўртача 20 тонна, жами 5,2 минг тонна нефть маҳсулотлари харид қилинганига қарамай, 241 та ёнилғи қуйиш шохобчасида истеъмолчиларга бензин сотилмагани аниқланган. Яъни сунъий ажиотаж ҳолати вужудга келтирилмоқда. 

Маълум қилинишича, ўрганишлар натижалари бўйича материаллар зарур чоралар кўрилиши учун Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига тақдим этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бензин зарар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг