Алдаётган ким: аёл нега ўзини ёқиб юборди?

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда номаълум аёл устига бензин сепиб ўзини ёқиб юборгани акс этган видео тарқалди. Ҳолатга Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати баёнот бериб, воқеа жорий йилнинг 2 май куни Олмазор тумани, Қора-Қамиш 2/4 даҳасидаги савдо дўконларидан бирининг олдида содир бўлганини маълум қилди. QALAMPIR.UZ ҳолатни ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб борди. 

Воқеага гувоҳ бўлган сотувчи аёлнинг айтишича, ўзини ёқиб юборган аёлнинг соғлигида ҳеч қандай муаммо бўлмаган. У бир неча йилдан буён Қора-қамиш 2/4 даҳасида сотувчилик қилиб келган. 

“Аёл Қаҳрамон ака (Тепагузар МФЙ профилактика инспектори) билан жанжаллашиб қолди. Устига бензин сепди. Уни қаердан олганини билмай қолдик. Бирданига олов аланга олиб кетди, шошиб қолдик. Биз ёрдам беришга ҳаракат қилдик, бироздан кейин тез ёрдам келиб олиб кетди”, дейди воқеага гувоҳ бўлган аёл. 

Ўзини ёқиб юборган аёлнинг қизи берган маълумотларга кўра, профилактика инспектори ва аёл ўртасида бундан аввал ҳам келишмовчиликлар бўлган.

“Бу ерда фақат биз эмас бошқалар ҳам савдо қилади. Негадир фақат бизга эътироз билдиради. Доим бизни аравамизни олиб кириб кетарди. Анчадан бери бизни ишлашга қўймаганига онам ўзларини…, анча йилдан бери нон сотамиз. Онам ўзларини ёққанларида мен уйда эдим. Тез тиббий ёрдам машинаси олиб кетганидан кейин келдим. Бир нарсани айтишим мумкин, олдин онам ўз жонларига қасд қилишга уринмаган”, дейди ўзини ёққан аёлнинг қизи. 

Тошкент шаҳар ИИББ берган баёнотида 1981 йилда туғилган аёл бир неча фуқаро билан савдо қилиш учун жой талашгани, сўнгра ўзаро келиша олмай жанжаллашиб, ўзини ноодатий тутган ҳолда норозилик билдириб, ёнида бўлган елим идишдаги бензинни устига қуйиб, ўзини ўзи ёқиб юборгани айтилган эди. Воқеага гувоҳ бўлганлар эса аёл туман профилактика инспектори билан жанжаллашгани, нозир уни савдо қилаётган жойидан ҳайдаганини айтмоқда. Биз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида профилактика инспектори билан боғландик. Афсуски, у ҳудудда эмаслигини айтиб, “аёл ва сизнинг ўртангизда келишмовчилик бўлганини тасдиқлайсизми?” деган саволга “йўқ” деб жавоб берди. 

Ўзини таништиришни истамаган “Тепагузар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси эса аёл унинг ҳудудида яшамаслиги ва бу ҳолат ҳақида маълумот бериш учун ваколати йўқлигини айтиб қочиб қолди. 

Биз аёл яшайдиган Олмазор тумани “Шон-шуҳрат” МФЙ, Қўрғон кўчасига бордик. Аёл ва унинг оиласини бир неча йилдан бери танийдиган уй бошининг айтишича, шу вақтгача оила билан боғлиқ ҳеч қандай кўнгилсиз воқеа содир бўлмаган. 

“Аёл доим меҳнат қилади. Оила жуда ҳам тинч оилалардан. Эрталаб кетиб, кечгача ишлашади. Тирикчиликни айби йўқ, бир кун нон, бир кун сигарет сотади. Сотувчи бўлиб ишлайди. Кунлик топганига қозон қайнатади. Аёлни олти нафар фарзанди бор, биттаси Самарқандда яшайди. Ижарада туришади, лекин нотинч оила эмас. Аёлни руҳий ҳолатида ўзгариш сезмаганман. Эшитишим бўйича профилактика инспектори билан келишмовчилик бўлган. Барибир шароитни тушуниш керак. У ерда мева ва бошқа маҳсулотлар ҳам сотишади. Нозир асосан нон сотувчига эътироз қилганини эшитдим”, дейди Гулчеҳра Акбарова.

Аёлнинг ҳолатини билиш мақсадида Республика тез тиббий ёрдам илмий амалий марказига бордик. Комубустиология бўлими мудириниг айтишича аёлнинг
ҳозирги аҳволи ўрта оғир даражада. У жонлантириш бўлимидан умумий бўлимга ўтказилган.

“2 май куни 1981 йилда туғилган бемор аёлни Республика тез тиббий ёрдам илмий амалий марказининг Комубустиология бўлимига куйиш жароҳати билан олиб келишди. Бемор келишидан бир соат олдин Тансиқбоев бозори атрофида уриш-жанжалдан кейин, ўзини ёқиб юбориб куйиш жароҳатини олган. Олиб келинганда беморга алангадан иккала қўл- оёғининг юза қисми, танасининг 2-3 А-Б даражали 35% куйиш, шундан 7% 3-Б даражали куйиш ташхиси қўйилган. 

Бемор келганида шок ҳолатида бўлгани учун унга керакли муолажалар қилинди ва шок ҳолатидан чиқарилди. Ҳозирги аҳволи ўрта оғир, у жонлантириш бўлимидан умумий бўлимга ўтказилмоқда”, дейди Комубустиология бўлими мудири Собир Шукуров.

Тошкент шаҳар ИИББ аёл бир неча фуқаро билан савдо қилиш учун жой талашгани ва улар билан ўзаро келиша олмай жанжаллашиб, ёнида бўлган елим идишдаги бензинни устига қуйиб, ўзини-ўзи ёқиб юборганини айтганди. 

Гувоҳи бўлганингиздек, ҳолат содир бўлганда воқеа жойида бўлганлар эса аёл профилактика инспектори билан юзага келган келишмовчиликдан кейин ўзини ёққанини айтмоқда.

Шу ўринда саволлар пайдо бўлади: Аёл ноқонуний савдо қилганмиди? Нима учун унинг ишлашига эътироз билдирилди? Нима учун Тошкент шаҳар ИИББ аёл билан профилактика инспектори ўртасида келишмовчилик юзага келганини айтмади? Бу саволларга масъуллардан жавоб кутиб қоламиз!


Мақола муаллифи

Теглар

бензин ўзини ёқиб юборган аёл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг